Астана халқаро аэропорти раҳбарияти бошқариш ҳуқуқи берилган инвестор билан бирга ишлай бошлади. Бугун Бирлашган Араб амирликлари компанияси инвестициялар киритиш учун асос бўладиган бизнес-лойиҳаси билан таништирди. Унда аэропортни мультимодал хабга айлантириш босқичлари баён этилган. Ҳужжатга кўра, инфратузилма янгиланади, учиш-қўниш чизиғи қайта қурилади. Юк терминалининг ўтказиш қуввати ва йўловчилар оқими бир неча ҳисса ортади. Замонавий технологик ечимлар орқали пойтахт ҳаво дарвозаси «смарт аэропорт»га айланади. Инвестор 1 йил давомида аэропортни ўрганади, имкониятларини баҳолайди. Сўнгра инвестиция ҳажми ва узоқ муддатли шартнома тузиш бўйича контракт тузиши кўзда тутилган.
Ерғази Жўлдасов, Астана
халқаро аэропорти бошқарма раиси:
- Биз Марказий
Осиёда ҳам, Африкада ҳам шу каби аэропортларни бошқариш, ривожлантириш бўйича
тажрибага эга компания эканлигини аниқладик. Бугунги кунда ушбу компания
биздаги вазиятни ўрганиш, ўз инвестициясини киритиш ва ривожланиш ниятида. Келажак
режалари ана шундай. Бир йил ичида инвестиция киритиш ҳақида шартнома тузса,
корхона бошқарувни давом эттиради. Аэропорт фақат бошқаришга берилади, сотиш
ҳақида гап йўқ.
Муҳаммад Саиф Ал-Ҳайли,
Terminals holding компанияси /БАА/ бошқаруви раиси:
- Биз халқаро юк
ташувчиларни жалб этиш ва юк терминалини кенгайтиришга асосий эътиборимизни
қаратамиз. Шу билан бирга Европадан Осиёга, шунингдек, Шарқий ва Ғарбий Осиёдан
Форс кўрфази ҳудудига йўловчилар оқимини кенгайтириш салоҳиятини кўриб
турибмиз. Бизнинг стратегик лойиҳаларимиз Астана аэропортини хаб сифатида қайта
ишга туширишга йўналтирилган. Бунинг учун ҳамма имкониятлар бор.
Абдумалик Сарманов таржимаси.