Президентнинг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларга тайинланмайди, квазидавлат тузилмаларини бошқармайди. Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистон халқига мурожаатида келтирилишича, бу тақиқ қонунга киритилади. «Давлат раҳбари барча фуқароларнинг имкониятлари тенг бўлишини таъминлаши зарур», дея таъкидлади Президент. Шунингдек, у Парламентда юз берадиган ўзгаришларни тилга олди. Маълум қилинганидек, Мажилис эндиликда қонун қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Сенат эса қонун лойиҳаларини қабул қилиш ёки рад этишга ҳақли, холос. «Қуйи палата кимгадир сунъий устунлик бермаган ҳолда мамлакат сайловчиларининг кайфиятларини акс эттириши зарур», дея таъкидлади Қосим-Жўмарт Тўқаев.
Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мажилисда Қозоғистон Халқи Ассамблеясига берилган квотадан воз кечамиз. Менимча, сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатдан бу тўғри. Квота сенатга ўтади, депутатлар сони 9 нафардан 5 нафарга қисқаради. Тегишлича, Мажилисдаги депутатлик ўринлари камаяди. Бир сўз билан айтганда, сон эмас, сифат муҳим.
Айни вақтда, Қозоғистон сиёсий тизимида қатор ўзгаришлар юз беради. Партияларни рўйхатга олиш жараёни соддалаштирилади. Бунинг учун атиги 5 мингта аъзо рўйхатдан ўтиши етарли, аввал бу рақам 4 марта кўп бўлган. Партия тузиш учун зарур ташаббускор гуруҳ аъзолари сони минг нафардан 700 нафаргача, салкам учдан бирга камайтирилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси