Арманистонда Қозоғистон маданияти кунлари ўтказилди. Биринчи куни томошабинлар юртимизда ишланган замонавий киноасарларни кўриш имконига эга бўлди. Маданият кунлари «Қозоқ хонлиги. Олтин тахт» тарихий драмаси намойиши билан очилди. Шунингдек, аудитория эътиборига «Тўхта, тун», «Ватанпарварлар даври» картиналари, «Казахфильм» студиясининг «Нега қалдирғочнинг думи айри?» мультипликацион лентаси тақдим этилди.
Маданият кунлари якунида хизмат кўрсатган арбоблар, санъат усталари ва таниқли артистлар иштирокида гала-концерт ташкил этилди. Улар машҳур қўшиқлар ва халқ композицияларини ижро этди. Бундан ташқари, Еревандаги Алмати кўчасида Абай Қўнонбой ўғли номидаги парк очилди. Бу ерда меҳмонлар диққатига буюк қозоқ шоири китоблари намойиш этилди ва миллий таом-егуликлар тақдим қилинди. Шу билан бирга, паркда дарахт ўтқазилди, бу эса икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий алоқаларни ривожлантириш рамзи бўлди. Айтиш керак, фестиваль доирасида ўтказилган тадбирларда уч мингдан кўпроқ одам иштирок этган.
Абдумалик Сарманов таржимаси

