Қозоғистонда органлар донорлиги ортиб боряпти

Қозоғистонда органлар донорлиги ортиб боряпти

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Қозоғистонда органлар донорлиги ва трансплантология ривожланиши тўғрисида ҳикоя қилишди. Бугунги кунда мамлакатда қирқтача донорлик стационари ва еттита трансплантация маркази мавжуд. Йил бошидан буён республикада 150 та кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди. Лекин мамлакатда донорлик органларига эҳтиёж сақланиб қоляпти. Трансплантацияга муҳтож 4 минг нафардан зиёд одам бор. Шундан 120 нафари - болалар. Вазиятни ўзгартириш учун вазирлик электрон ҳукумат портали орқали ўлимдан сўнг донорликка розилик бериш ёки рад этишнинг рақамли механизмларини ишлаб чиқяпти. Таъкидлаш лозимки, Қозоғистонда 18-65 ёш орасидаги ўн миллион нафарга яқин одам донор бўлиши мумкин.

Назгуль Жангельдина, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Трансплантация ва юқори технологик хизматларни мувофиқлаштириш бўйича республика маркази директори вазифасини бажарувчи:

- Жорий йилда 131 нафар беморга бош мия ўлими ташхиси қўйилди. Афсуски, улардан фақат 10 нафари донорликка розилик берганди. Рақамларга келсак, 2023 йилда егов орқали 33 минг одам бу масалада ўз қарорини расмийлаштирган. Бугунги кунга келиб эса 134 минг нафар фуқаро аниқ қарорга келди. Шундан 10 минг нафари донорликка рози. 2023 йилга нисбатан розилик берганлар сони уч марта ортди.

Ахборот тарқатиш ишлари билан бирга трансплантология бўйича халқаро ҳамкорлик, шунингдек, янги технологиялар жорий этиш ишлари кенгайиб боряпти. Жорий йилда Астанада одам танасидан олинган донор органларини 24 соатгача сақлаш имконини берувчи ускуналар чиқарувчи завод қурилиши бошланди. Бу эса органни мамлакатнинг исталган минтақасига ва ундан хорижга етказиш имконини беради. Лойиҳа Қозоғистон инвесторлари томонидан қўллаб-қувватланди ва у бундай техника чиқарувчи Марказий Осиёдаги биринчи корхона бўлади.

Кайрат Иманбаев, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Трансплантация ва юқори технологик хизматларни мувофиқлаштириш бўйича республика маркази Донор органлари бўйича мувофиқлаштириш ва уларни етказиб бериш бўлими бошлиғи:

-  Биздаги АЛЕМ ишланмаси – катта муваффақият. Фикримча, техник йўналишдаги мана шу йўналишда ишлашнинг истиқболи катта. Чунки бизда орган кўчириш муддати чекланган. Трансплантатни марказларга имкон қадар тез етказиш зарур. Юракни 4 соат,  жигарни 6 соат, буйракни 12 соат ичида ўтказиш лозим. Янги аппарат кўп нарсани ҳал қилади. Санитария авиациясидан фойдаланамиз, аппаратлар эса совуқ ишемия вақтини қисқартиради.

Абдумалик Сарманов таржимаси