Алматида Лолалар фестивали бўлиб ўтди

Алматида Лолалар фестивали бўлиб ўтди

Алматида ҳар йили бўладиган Лолалар фестивали ўтказилди. Тадбирда ушбу ноёб гулнинг қизил, сарғиш ва очиқ сариқ, оч қаймоқ рангидаги турли навлари ҳамда нодир турлари намойиш этилди. Анъанага айланган тадбир 2 мингдан зиёд иштирокчини бир ерга жамлади. Ундан асосий мақсад ёшлар қалбида табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш. Мактаб ўқувчилари илмий раҳбарлари бошчилигида ноёб ўсимликлар буталарини ўтқазган. Мисол учун, Ўқувчилар саройининг экология бўлими коллекциявий майдонида лоланинг 30 га яқин тури гуллади. Улар орасида эндемик турлар -  Грейг, Лемерс, Альберта ва бошқалар ҳам бор.

 

Индира Қуралбаева, Ўқувчилар саройи экология-биология бўлими ходими:

- Биз 20 мингта лола пиёзи эккандик. Улар орасида маданий ва ёввойи навлари ҳам мавжуд. Масалан, Альберта нави, у бизнинг фахримиз.

 

Қозоғистонлик тадқиқотчилар таъкидлашича, лола бундан 10 миллион йилдан кўпроқ вақт илгари мамлакатимиз ҳудудида пайдо бўлган. Шу боис, Қозоғистон бу гулнинг ватани, дейишга асос бор. Айни шу сабабга кўра, ҳар йили лола гуллайдиган пайтда бизда шундай фестиваль ўтказилади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.