Алматида креатив саноат биринчи халқаро форуми очилди

Алматида креатив саноат биринчи халқаро форуми очилди

Креатив саноатни ривожлантиришнинг асосий трендлари, Марказий Осиё минтақаси давлатларининг бу соҳадаги салоҳияти ва истиқболлари, янги йўналишлардаги иқтисодий ўсиш нуқталари. Алматида бўлиб ўтган Биринчи Халқаро ихтисослашган форумда экспертлар ушбу масалаларни муҳокама қилди. Майдончада турли давлатлардан 130 делегат тўпланди. Таъкидлаш лозимки, креатив саноат – интеллектуал фаолиятга асосланган иқтисодиётнинг янги йўналиши. Олимлар ва жаҳон аналитиклари прогнозига кўра, унинг келажаги порлоқ. Бугунги кунда қатор давлатларнинг ялпи ички маҳсулотида креатив иқтисод улуши 12 фоизга, республикамизда икки фоизга етди. Ўтган йили Ҳукумат тасдиқлаган Креатив саноатни ривожлантириш концепцияси асосида унинг улушини 5 фоизгача кўтариш режалаштирилган. Асосий секторлар белгиланган: бу - кино, мусиқа, мода, ҳунармандлик ва рақамли санъат. Экспертлар фикрича, креатив саноат аввалига йирик шаҳарларда ривожланади. Чунки уларда инсон капитали концентрацияси юқори.

Ержан Еркинбеков, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари:

- Йил охиригача қонун кучга киради. Маданият ва спорт вазирлиги махсус жамғарма тузади, креатив саноатда лойиҳаларни молиялаштириш ҳуқуқини беради, сўнгра, умид қиламизки, янги венчур жамғармалари пайдо бўлади ва улар иқтидорли инсонларни, қўллаб-қувватлайди, маблағ тикади, ижод маҳсулини турли бозорларга олиб чиқади. Бундан фойда кўради ва қобилиятларни ривожлантириш билан шуғулланади.

Данияр Аманалиев, Ololo компаниялар гуруҳи ҳаммуассиси /Қирғизистон/:

- Марказий Осиё мамлакатларининг ҳаммасида ёшлар жуда кўп. Одамлар иш ўргана бошлаган вақтида касби йўқолиб бораётганини, иш ўринларини етишмаслигини кўриши нохуш ҳолат. Биз ҳозирдан ёшларни креатив иқтисодиётга киришга ҳозирлаб боришимиз зарур.
Абдумалик Сарманов таржимаси.