Машҳур ва нуфузли National Geographic журналида чоп этилган «Нима учун 2024 йил Қозоғистон бўйлаб саёҳат қилиш учун энг қулай вақт?» мақоласи мамлакатимиз ва унинг туристик салоҳиятига бағишланган. Муаллиф республика саёҳатчиларни кўплаб давлатларга бевосита авиарейслари борлиги, виза талаб қилмаслиги, қизиқарли халқаро воқеалари ҳамда табиат ажойиботлари билан мафтун қилганини таъкидлайди. Журналхонларга Кўлсай кўллари ва Қайиндига, Чорин каньонига, Манғистау вилоятидаги плато ҳамда Буюк Ипак йўлидаги тарихий шаҳар – Чимкентга боришни тавсия этган. Бундан ташқари, саёҳатчиларга кўчманчиларнинг кўҳна маданиятини чуқурроқ ўрганиш, қозоқ миллий ошхонасига оид қурут ва бешбармоқни татиб кўриш, анъанавий чавандозлик ва лочин овини кузатиш таклиф этилади. Номадларнинг аутентик муҳитига шўнғиш учун National Geographic жорий йилнинг кузида Астанада бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига келишни маслаҳат беради. Муаллиф баҳор ва куз даврини Қозоғистонга бориш учун энг мақбул давр деб таърифлаган. Лекин қишда ҳам мамлакат меҳмонларини тоғ-чанғи курортлари билан мамнун қила олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.