Атираулик археологлар
Олтин Ўрда даврига оид 30 дан зиёд кумуш ва мис тангалар
топишди. Тадқиқотчилар таъкидлашича, улар Тўхтамишхон, Ўзбекхон ва Жонибекхонлар
даврида зарб этилган. Олимлар «Тас кешу» карвонсаройи ўрнида қазув ишларини якунлашди. 13-14 асрларга оид иншоот Буюк
Ипак йўли устида жойлашган. Карвонсарой пишган ғиштдан қурилган. Бундай материал
бу даврда Қозоғистоннинг ғарбий қисмидаги иншоотларда қўлланилган. Бошқа ҳудудларида
эса асосан пахсадан фойдаланилган. Археологлар жами 800 квадрат метр жойда қазув
ишларини ўтказди. 24 хона, 7 минора ва шаҳар дарвозаси ўрнини
очишди. Кўплаб маиший
буюмлар ҳамда сопол идишлар топилди.
Марат Хасенов, тарихчи
археолог:
- Тарихий маълумотларга кўра, Буюк Ипак йўли бўйлаб ҳаракатланган карвонлар Сағиз дарёсидан айнан шу жойда кечиб ўтган. Шунинг учун
«Тас кешу» карвон саройида тўхташган. У меҳмонхона вазифасини бажарган. Иншоот айнан
кечиш жойини таъминлаш учун қурилган бўлиши ҳам мумкин. Буюк Ипак йўли «Тас
кешу» орқали ўтгани сабабли мазкур манзилгоҳ
юқори даражада ривожланган.
Археологлар қазув ишлари давомида
Сағиз дарёси кўприги ҳам пишган ғиштдан бўлганини
аниқлашди. Қурилиш материали
800 йилдан зиёд вақт ўтса ҳам аслидаги каби сақланиб қолган.
Мухамбетқали Кипиев,
Атирау вилояти тарих-ўлкашунослик музейи директори:
- Карвонсаройни асл
ҳолидаги каби тиклаш учун илмий-реставрация ишларини амалга ошириш ниятидамиз.
Тегишли ишлар режаларимизга киритилади. Келажак авлодга бус-бутун қолдириш ва туристларни
жалб этиш учун мазкур беназир тарих ва маданиятни тиклай оламиз, деб ўйлайман.
Олимлар фикрича, ушбу археологик ёдгорлик синчиклаб ўрганилади. Олинган янги маълумотлар эса ўша даврдаги Буюк Дашт аҳолисининг ҳаётий фаолиятини ўрганиш учун йўл очади.
Абдумалик Сарманов таржимаси