Алматида Қозоғистон-Грузия Ҳукумат раҳбарлари учрашди

Алматида Қозоғистон-Грузия Ҳукумат раҳбарлари учрашди

2023 йилнинг олти ойи мобайнида Қозоғистон ва Грузия ўртасидаги маҳсулот айланмаси  ҳажми 30 фоизга ошган. У 190 миллион долларни ташкил этган.  Бу ҳақда икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари – Алихан Смаилов ҳамда Ираклий Гарибашвилининг Алматида бўлиб ўтган учрашуви чоғида маълум қилинди. Томонлар савдо, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Мамлакатимиз Бош вазири таъкидлагани каби, Грузия – Қозоғистоннинг Жанубий Кавказдаги муҳим ва ишончли шериги. Хусусан, транспорт-транзит соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Транскаспий халқаро транспорт йўналишини равнақ топтириш борасидаги ўзаро шериклик жадал ўсиб бормоқда. Дарвоқе, ярим йил ичида Ўрта йўлак орқали юк ташув ҳажми 77 фоизга ўсган ва 1,3 миллион тоннани ташкил қилган. Вазирлар Маҳкамаси раиси айтиб ўтганидек, Қозоғистон томони ҳамма йўналишларда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр. Ўз навбатида, Ираклий Гарибашвили Грузия ҳам Қозоғистон билан икки тарафлама шерикликнинг барча спектри бўйича  самарали ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳозир эканлигини билдирди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси