Энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга 1 триллион тенге ажратилади

Энергетика инфратузилмасини модернизация қилишга 1 триллион тенге ажратилади

Қозоғистонда энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилишга 1 триллион тенгедан зиёд маблағ ажратилади. Бу ҳақда Бош вазир Ўлжас Бектенов раислигида ўтказилган Ҳукумат йиғилишида маълум қилинди. Жорий йилда 9 та энергоблокда, юздан ортиқ қозон ва турбиналарда капитал таъмирлаш ишлари режа қилинган. Бу ишларга тахминан 384 миллиард тенге йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу ўтган йилгига нисбатан 9 фоизга кўп. Реконструкция «Сармоя ўрнига тариф» дастури доирасида олиб борилади. Параллел равишда Энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича миллий лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 130 километр иссиқлик тармоғи ва 10 минг километрдан ошиқ электр таъминоти янгиланиши режа қилинган. Бугунги кунда ҳукумат захирасидан 25 миллиард тенге ажратилиши маъқулланган. Бу маблағ Жетису, Абай, Ақмўла ва Шарқий Қозоғистон вилоятларидаги объектлар модернизациясига, шунингдек, тўрт минтақадаги иссиқлик тармоғини таъмирлашга йўналтирилди.


Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

– Вилоятлар ҳокимликларига икки ҳафта муддатда барча танлов жараёнларини ўтказиш ва таъмир ишларига киришиш топширилган. Бу ерда ҳеч қандай ортиқча бюрократия бўлмаслиги керак. Иссиқлик таъминоти объектлари таъмирини август охиридан кеч қолмай битириш зарур. Шимолий, марказий ва шарқий минтақаларда барча муҳандислик инфратузилмалари ва уй-жой-коммунал хўжалиги объектлари 15 сентябрга қадар ишга туширилишга тўлиқ тайёр бўлиши шарт, қолган вилоятларда эса 15 октябрга қадар. Ҳокимларга вазиятни  объектларга мунтазам сафарлар орқали шахсан назоратга олишни топшираман.


Абдумалик Сарманов таржимаси