106 миллион долларлик шартномалар имзоланди

106 миллион долларлик шартномалар имзоланди

Қозоғистон ва Афғонистон ўртасида 106 миллион долларга тенг тижорат шартномалари имзоланди. Пойтахтда бўлиб ўтган икки тарафлама форум доирасида ҳар икки давлат тадбиркорлари ва бизнес-ассоциация вакиллари иштирокида шундай келишувларга эришилди. Дарвоқе, мамлакатлар орасида ўзаро савдо йил сайин ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Ўтган йили бу кўрсаткич 1 миллиард долларга етган. 2023 йилнинг биринчи яримйиллигида давлатлар 343 ярим миллион долларга тенг савдони амалга оширган. Бунда товар айланмасининг  90 фоизини Қозоғистон экспорти ташкил қилди. Юртимиздан ун экспортининг 70 фоизи Афғонистонга юборилади. Мамлакатимиз тадбиркорларининг эндиги режаси - жўнатиладиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш. 

Серик Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири:

- Мулоқот майдончаси янги лойиҳалар, келгуси савдо-иқтисодий ҳамкорлик йўналишлари учун асос беради ва яқин келажакда давлатларимиз ўртасидаги ўзаро маҳсулот айланмасини 3 миллиард долларгача ошириш имконини яратади. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистонда Афғонистонга 500 миллион долларга тенг озиқ-овқат, нефть-кимё, кимё, металлургия, енгил саноат ва машинасозлик соҳаларига оид маҳсулотларни юбориш учун салоҳият мавжуд.

Хайруддин Майель, Афғонистон савдо вазири ўринбосари:

- Биз Қозоғистон томони билан музокара ўтказдик ва бир қатор ўзаро манфаатли келишувлар имзоладик. Қозоғистондан мамлакатимизга ой сайин 100 тоннага яқин буғдой, 30-40 вагон кунгабоқар мойини экспорт қилишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, тадбиркорлар учун қўшма савдо-саноат палатасини тузиш борасида келишиб олдик. Ишончимиз комилки, бу муносабатларимиз ривожига туртки беради.

Тарафлар транзит-транспорт ҳамкорлиги борасида ҳам катта салоҳиятга эга. Бу эса Марказий Осиёдаги барча давлатлар ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасида узлуксиз минтақалараро шерикликни таъминлаши мумкин. Бунда Афғонистон Қозоғистон учун Покистон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ давлатлари бозорига олиб чиқадиган йўлакка айлана олади. Форум доирасида томонлар, шунингдек,  энергетика,  инфратузилмалар ва телекоммуникациялар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш борасида ҳам келишиб олди.

Хуршида Абдуллаева таржимаси