Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги бош вазирга ҳукуматнинг 2022 йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тайёрлашга икки ҳафта муддат берди.
Эслатиб ўтамиз, бугун мажилис йиғилишида Алихон Смаилов мамлакат Вазирлар Маҳкамасининг янги раҳбари этиб тайинланди. Унинг номзоди депутатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Янги тайинланган бош вазир дарҳол жорий йилнинг муҳим вазифаларини белгилади. Улардан «самарали макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш, глобал ўзгаришлар туфайли юзага келган инфляция даражасини пасайтириш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш»ни таъкидлаб ўтди.
Алихон Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири
- Бугунги кунда давлат раҳбари бошчилигида тинчлик ва ҳамжиҳатлик, Мустақиллик, миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун ўз аҳолисини тинглайдиган давлат барпо этишга қаратилган ўзгаришлар содир бўлаяпти. Фуқароларнинг барча қонуний талаблари тингланади ва бажарилади. Жаноб Президент, сизнинг мамлакатда ижтимоий вазиятни барқарорлаштириш, халқнинг фаровонлигини ошириш борасидаги топшириғингиз Ҳукумат учун устувор вазифа бўлади.
Таъкидлаш жоизки, Смаилов турли йилларда Давлат раҳбари ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Бунгача у беш йил давомида республиканинг статистика агентлиги раиси вазифасида фаолият юритган. Ўз карьераси давомида у икки марта Қозоғистон молия вазири ўринбосари этиб тайинланган. Ҳукумат истеъфасигача 2019 йилда ушбу вазирлик раҳбари бўлган.
Мусо Муродов таржимаси