Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва транспорт йўлаклари яратиш бўйича кучларни бирлаштириш зарур. Бош вазир Алихан Смаилов онлайн тартибда ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ана шундай таклифини билдирди. Қозоғистон Ҳукумати раҳбарининг фикрича, мамлакатлар ШҲТ фаолиятини такомиллаштиришда давом этиши зарур. Савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник талабларни мослаштириш алоҳида эътибор талаб қилади. Бу борада амалий ишларни бошлаш учун Самарқандда қабул қилинган Минтақанинг ички савдосини ривожлантириш режаси қўл келиши мумкин. У икки йилга мўлжалланган. Ҳукумат раҳбари Қозоғистоннинг қишлоқ хўжалик соҳасидаги ички салоҳиятини ҳам тилга олди. Унинг фикрича, селекция ва уруғчилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш дастурини ишлаб чиқиш жуда муҳим. Алихан Смаиловнинг фикрича, ШҲТ майдонида иқтисодий тараққиёт суръатлари юқори даражада.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Ўтган йил якунларига кўра, ташкилотга аъзо давлатлар иқтисодий ўсиши суръати 4-9 фоизга етди. 2021 йилда Қозоғистон ва ШҲТ давлатлари ўртасида ялпи товар айланмаси салкам 51 миллиард долларни ташкил қилди ва 22 фоизга ўсди. Жорий йилнинг 8 ойи давомида бу кўрсаткич яна 18 фоизга кўтарилди. Ўзаро савдони рағбатлантириш учун ШҲТ банклараро бирлашмаси доирасида мамлакатларимиз банклари ва тараққиёт ташкилотларини савдо шартномалари ва экспорт операцияларини молиялаштиришга жалб этиш керак.
Абдумалик Сарманов таржимаси