Қозоғистонда фермерларни кредитлаш ва субсидиялаш соддалаштирилади

Қозоғистонда фермерларни кредитлаш ва субсидиялаш соддалаштирилади

Қозоғистонда фермерларни кредитлаш ва субсидиялаш жараёнлари соддалаштирилади. Қишлоқ хўжалик вазирлиги баҳорги дала ишларини эрта молиялаштириш дастурига старт берди. У ижтимоий-тадбиркорлик корпорациялари орқали миришкорларга имтиёзли қарзлар беришни кўзда тутади. Бугунги Ҳукумат йиғилишида баҳорги дала ишлари муҳокама қилинди. Жорий йилда мамлакатда 28 миллион гектар майдонга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экиш мўлжалланган. Айни вақтда, республика Бош вазири рентабеллиги юқори нав ва турларга эътибор бериш кераклигини таъкидлади. Ҳосил аввало экспортга йўналтирилиши ва бозорда талабга эга бўлиши керак.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

- Жорий йилда дала ишларини молиялаштириш 700 миллиард тенгегача оширилди. Лизинг хизматлари учун 200 миллиард тенге тўланади. 400 минг тоннадан зиёд имтиёзли дизель ёнилғиси ажратилган. Шу тариқа, баҳорги ишлар муваффақиятли ўтиши учун давлат барча чора-тадбирларни кўрди. Эндиликда улардан самарали фойдаланиш лозим. Қишлоқ хўжалик вазирлиги имтиёзли кредитлар фақат самарали ва ҳалол зироатчиларга етиб боришини таъминлаши керак.

Ўлжас Бектенов таъкидлашича, соҳага рақамли ечимлар киритилиши лозим. Айни вақтда, агросаноатда ҳаққоний статистикага эришиш, дон захираларини ва барқарорлаштирувчи жамғармадаги маҳсулотни ҳисобга олиш, ветеринария хавфсизлигини таъминлаш керак. Суғориш ишлари, ўғит ва озуқа бериш, қишлоқ хўжалик техникасидан фойдаланишда сунъий интеллект қўл келиши мумкин. Тегишли вазирлик чат-бот-ёрдамчилар кўмагида жараёнларни автоматлаштириш, дронлар ва интеллектуал таҳлил тизимларидан фойдаланишни таклиф қилди.

Дмитрий Мун, Қозоғистон Республикаси Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари:

- 2025-2026 йилларда мазкур лойиҳаларни рўёбга чиқариш режалаштирилди. Келгуси слайдда сиз сунъий интеллект базасида яратилган қишлоқ хўжалиги бўйича кўмакчи намунасини кўрасиз. У давлат ёрдами, субсидиялар, ариза ва тегишли бошқа ҳужжатлар топшириш муддатларини кўрсатиб берали. Чат-бот иши Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий маълумотлари асосида ишлайди ва миришкорларга кеча-кундуз, ҳафтанинг етти кунида маълумот етказиб беради.


Ҳукумат солиқ қонунчилигига ўзгаришлар киритишни таклиф қилди. Унга кўра ҚҚС соҳаларга кўра 12-16 фоизни ташкил қилади. Таклифларни бизнес-ҳамжамият билан бирга муҳокама қилиш учун Ҳукумат минтақаларга 6 та ишчи гуруҳи йўллади.  Умуман олганда, янги Солиқ кодекси 20 февралгача Мажилисга киритилиши кутиляпти. 


Абдумалик Сарманов таржимаси