14 март куни Миллий қурултой ўтказилади

14 март куни Миллий қурултой ўтказилади

Қосим-Жўмарт Тўқаев Миллий қурултойнинг IV йиғилишида қатнашади. Анжуман 14 март куни Бурабайда бўлиб ўтади. Давлат раҳбари нутқ сўзлаши режалаштирилган. Қурултой аъзолари ҳам долзарб масалалар бўйича фикр билдиради. Эслатамиз, Президент қошидаги Миллий қурултой 2022 йилда Қосим-Жўмарт Тўқаев ташаббуси билан ташкил қилинган. Унга ҳар бир минтақавий жамоат кенгашидан биттадан вакил киритилган. Миллий қурултойнинг асосий мақсади — давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотга ёрдам бериш. Шунингдек, умуммиллий қадриятларни мустаҳкамлаш ва Қозоғистон жамиятини жипслаштиришдан иборат. Таъкидлаш лозимки, Миллий қурултойнинг аввалги йиғилишлари мамлакатнинг тарихий жиҳатдан муҳим ҳудудлари - Улитау, Туркистон ва Атирауда ўтказилган. Улар якунларига кўра, республика қонунчилигига ўзгаришлар киритилди. Жумладан, аёллар ва болалар хавфсизлиги, қиморга берилишнинг олдини олиш, Миллий жамғармадан болаларга улуш ажратиш тўғрисида қарорлар рўёбга чиқарилди. Шунингдек, ономастика ва геральдика, давлат мукофотлари тўғрисидаги қонунларга ўзгартишлар киритилди.

Абдумалик Сарманов таржимаси