Президентнинг Германияга сафари давом этмоқда

Президентнинг Германияга сафари давом этмоқда

Қозоғистон-Германия ўртасида нефтгазкимё, металлургия, транспорт ва логистика каби истиқболли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир тадбирларни кучайтириш режа қилинди. Давлатимиз раҳбарининг ГФРга расмий ташрифи доирасида бу борада келишувга эришилди. Музокаралар чоғида  Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Федерал канцлер Олаф Шольц савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалар, «яшил» энергетика ва бошқа йўналишларда ўзаро шерикликни жадаллаштириш ҳақида келишиб олди. Давлат раҳбари, шунингдек, хомашё консорциуми барпо этишни таклиф қилиб, Қозоғистон Германия бизнеси маҳаллий бозорда янада кенгроқ иштирок этиши учун барча зарур шароитларни яратишга тайёрлигини билдирди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Германия Қозоғистон учун Европадаги асосий ҳамкор. Шу боис, бизнинг ўзаро муносабатларимиз стратегик характерга эга, айниқса, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида. Мен ўтган музокаралар натижаларини юксак баҳолайман, улар келгусида Қозоғистон-Германия муносабатларини чуқурлаштиришга шайлигимизни яна бир бор тасдиқлади. Биз айтиб ўтдикки, ҳозирги шароитда Қозоғистон ва Германия давлатларимизнинг барқарор тараққиётини таъминлайдиган янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга имкон қадар мақсадли ёндашуви керак. Бунинг учун бизда сиёсий ирода ва йирик иқтисодий салоҳият мавжуд.

Шу билан бирга, Президент Қозоғистон томони ва Европадаги етакчи компаниялар орасида келишувларга эришилганини ҳам юқори баҳолади.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Мен бугунги учрашув аввалида Siemens Energy, Linde ва бошқа асосий шериклар билан имзоланган муҳим тижорат шартномаларини маъқуллайман. Ушбу ҳужжатлар икки давлат ўртасида иқтисодий алоқаларни келгусида ҳам мустаҳкамлашга жиддий туртки бериши кутилади.

Энергетика соҳасида кооперацияни ривожлантириш – Давлат раҳбари ўз чиқишида тилга олиб ўтган истиқболли вазифалардан бири. Бундан ташқари, Қосим-Жўмарт Тўқаев Транскаспий транспорт йўналишининг транзит қувватини ошириш, унинг Трансевропа транспорт тармоғига уланиши ва Global Gateway ташаббуси борасидаги қўшма фаолиятга тайёрлигини билдирди. Айни пайтда, агросаноат секторида, молия, инновация, рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликда ҳам кенг истиқболлар очилади.

 

Хуршида Абдуллаева таржимаси.