Алихан Смаилов хитойлик тадбиркорларни Қозоғистонга таклиф этди

Алихан Смаилов хитойлик тадбиркорларни Қозоғистонга таклиф этди

Иқтисодий кооперация глобал беқарорликка жавоб бўла олади. Қозоғистон Бош вазири Хитой компанияларини Қозоғистон ва ХХР ўртасида бизнес ҳамкорликни ривожлантиришда иштирок этишга чақирди. Алихан Смаилов Шанхайда бўлиб ўтган 6-Хитой халқаро импорт кўргазмаси очилишида сўзга чиқди. Мазкур глобал тадбиркорлик майдончаси йилига дунёнинг 130 та мамлакати вакилларини ўзига жалб этади. Таъкидлаш лозимки, Осмон ости мамлакати Марказий Осиё давлатлари билан тадбиркорлик алоқаларини фаол ривожлантиряпти. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро савдо 70 миллиард долларни ташкил қилди, шунинг салкам ярми Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Динамикадан келиб чиққан ҳолда, томонлар  2030 йилгача товар айланмасини 100 миллиард долларга етказмоқчи.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Транспорт-логистика ҳамкорлигини ривожлантириш зарур. Қозоғистон  Евроосиёни Осиё-Тинч океани билан боғловчи минтақавий транспорт-логистика хабида стратегик ўрин тутади. “Хитой – Европа” йўналиши бўйлаб контейнерларда юк ташиш ҳажмини ошириш учун биз Транскаспий халқаро транспорт йўналишидан фаол фойдаланишни таклиф этамиз. У барча товарларнинг салкам икки марта тез етиб боришини таъминлай олади. Шунингдек, Қозоғистон – Хитой чегарасида 3-темир йўл ўтказиш пункти, «Бахти» ва «Қалжат» ўтиш жойларида «қуруқ портлар», Ақтауда контейнер хаби, Ўрта йўлак бўйлаб Қора денгиз соҳилларида портлар қурилиши мўлжалланаётир. Хитой транспорт компанияларини ушбу истиқболли лойиҳаларда қатнашишга чақираман.

Бундан ташқари, Қозоғистон  аграр соҳада Хитой билан ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу эса минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Ўзаро ҳамкорлик учун яна бир имконият -  электрон савдо майдончаларидан бирга фойдаланиш. Бу йўналишда муваффақиятли тажриба мавжуд. Жорий йилнинг май ойида JD.com майдончасида Қозоғистоннинг миллий павильони очилди, Alibaba Group билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Логистикани такомиллаштириш учун ўзаро фойдали асосда Қозоғистон  захира омборларини қуришга тайёр, дея кўрсатиб ўтди Қозоғистон Бош вазири.

Абдумалик Сарманов таржимаси.