Ақтауда авиаҳалокат бўйича тергов ўтказилади

Ақтауда авиаҳалокат бўйича тергов ўтказилади

Бугун ХХР Раиси Си Цзиньпин Ақтау яқинидаги самолёт ҳалокатида, жумладан, қозоғистонлик йўловчилар ҳам қурбон бўлгани муносабати билан Давлат раҳбарига ҳамдарлик билдирди. Айни дамда, Ақтау яқинида рўй берган авиаҳалокат оқибатида жабрланган 14 нафар озарбайжонлик ватанига қайтди. Улар махсус рейс билан Бокуга парвоз қилган. Бу одамларнинг ярми даволанишни давом эттириш учун клиникага жўнатилди. Айни пайтда, Манғистау вилоят кўптармоқли касалхонасида яна олти нафар одам даволаняпти. Уч нафари Озарбайжондан, уч киши Қирғизистондан. Тўрт киши реанимацияда ётибди. Жабрланганларга  барча зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Эслатамиз, самолёт ҳалокати сабабларини аниқлаш мақсадида Ақтауда Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида ҳукумат комиссияси фаолият олиб боряпти. Брифинг чоғида Қанат Бозумбаев маълум қилганидек, республика қонунчилигига биноан, криминал тергов ишларига Россия ва Озарбайжон томони қўшилмайди. Ва у расмий тергов натижаларини кутишга чақирди.


Қанат Бозумбаев, Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари:


- Улар битта-ягона хулосага келганидан кейин, тергов криминал экспертиза, балистика ва шу каби бошқа муҳим жараёнларни ўтказиши эҳтимол, шунда бирор-бир тахмин айтилиши мумкин. Биз ҳеч бир давлатдан, на Россиядан, на Озарбайжондан расмий маълумот олмадик.


Авиаҳалокатда Жабрланган ва ҳалок бўлганлар оилаларига ёрдам берилади


Озарбайжон авиалиниялари жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар оиласига молиявий кўмак кўрсатади. Қозоғистонликлар давлатдан кўмак олади, бир марталик ва ҳар ойлик ёрдам. Боқувчисини йўқотганлар эса то вояга етгунига қадар ҳар ойда ёрдам олиб туради.

 

Ақмади Сарбасов, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари:


- Кафолатланган давлат тўловларига келадиган бўлсак, республика бюджети томонидан тегишлича тўловлар амалга оширилади, ҳар бир оила ҳақида айта олмайман, бу шахсий маълумотлар. Мисол тариқасида айта оламанки, боқувчисини йўқотганда, битта оила учун 138 минг тенге миқдорида ҳар ойлик нафақа тўлаш орқали боқимандалар то вояга етгунича кўмак кўрсатилади, давлат ижтимоий суғурта фонди тарафидан эса 357 минг тенге, бу ҳам ҳар ойда берилади.


Бугун Ақтауга Бразилиядан ҳалокатни ўрганиш ишларида қатнашиш учун Embraer самолётини ишлаб чиқарган завод вакиллари етиб келди. Шунингдек, яқин кунларда Авиация ҳодисаларини текшириш ва олдини олиш маркази мутахассислари ҳам келиши кутилмоқда.


Абдумалик Сарманов таржимаси