Қозоғистонда сув секторини ривожлантириш бўйича Ҳамкорлар мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилди. Унинг таркибига соҳавий вазирлик, БМТ Тараққиёт дастурлари ва халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, донорлик ҳамжамиятлари ва бир қатор бошқа тузилмалар вакиллари киритилади. Кенгаш молиявий ва техник захираларни мобиллаштириш ва самарали тақсимлаш билан шуғулланади. Шу тариқа, мамлакат сув соҳасига илғор халқаро амалиёт ва инновациявий ечимларни жорий этиш кўзда тутилган.
Нуржан Нуржигитов, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазири:
– Бутунжаҳон банки билан ҳамкорликда Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичини бошлашни режа қилганмиз. Ҳозирда барча зарур ҳужжатларни тайрлаш ишлари кетмоқда. Бундан ташқари, Ислом Тараққиёт Банки билан ишлаймиз. Жорий йилнинг сентябрь ойи бошларида оралиқ протокол имзоланди. Октябрда асосий келишув имзолашни режалаштирдик.
Шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш сув захираларини бошқариш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари билан сувдан фойдаланиш, Россия билан эса трансчегаравий дарёлар сувини тақсимлаш борасида шартнома тузган. Эндиликда Хитой билан тегишли келишув лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Таъкидлаш ўринли, икки мамлакат ўртасида 20 дан зиёд дарё оқиб ўтган.
Бўлат Бекнияз, Қозоғистон Республикаси Сув захиралари ва ирригация вазирининг биринчи ўринбосари:
– Тадқиқотлар ўтказилди. Биз Хитойда бўлдик, ХХР экспертлари ҳам бу ерга келди. Шартнома имзолаш вақтида аниқ рақамларга эга бўлиш мақсадида икки давлат мутахассислари биргаликда барча дарёларни тадқиқ қилади. Улар тенг иккига бўлинади – элликка эллик. Биз қанча сув тушишини биламиз.
Эслатамиз, бир йил аввал мамлакатимизда Сув захиралари ва ирригация вазирлиги тузилган эди. Ўтган вақт мобайнида соҳанинг ҳуқуқий базасини шакллантиришга эътибор қаратилди. Ҳозирда Парламентда янги Сув кодекси лойиҳаси кўриб чиқиляпти. Шу билан бирга, 2024-2030 йилларда сув захираларини бошқариш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси