АҚШда овоз бериш якунланди

АҚШда овоз бериш якунланди

АҚШда овоз бериш бугун Астана вақти билан тонгги соат 10 да якунланди. Охирги бўлиб, Сан-Францискодаги сайлов участкаси ўз ишини тугатди. Таъкидлаш лозимки, жорий йилда қозоғистонликлар илк марта шу шаҳарда овоз бериш имкониятига эга бўлди. Уммоннинг нариги томонидаги юртдошларимиз президент сайловида фаол иштирок этди.

Ушбу санада 87 ёшли Тапен Аухадиев ҳам ўз фуқаролик позициясини намойиш этди. Оқсоқол тонг саҳардан сайлов участкасига келди. Унинг фикрича, ҳар бир фуқаро Қозоғистоннинг гуллаб-яшнашига ҳисса қўшиши зарур. Оқсоқол овозини ўзи танлаган номзодга берган.

Тапен Аухадиев, сайловчи:

– Мамлакатим келажаги учун овоз бериш мақсадида шу ерга келдим. Халқим, улғайиб келаётган авлод фаровонлигини истайман.

Кўплаб қозоғистонликлар Нью-Йоркда яшайди. Бу участкада мегаполисга яқин ҳудудларда жойлашган шаҳарларда яшовчи юртдошларимизни учратиш мумкин.

Ернар Жаркешев, сайловчи:

– Овоз бериш учун атайин Гарварддан Нью-Йоркка келдим. Зеро, мамлакат тақдири ҳал бўляпти. Фуқаролик бурчимни бажаришга қарор қилдим.

Сайлов участкаларида жараённи мустақил кузатувчилар назорат қилди. Улар ҳам ўз фикрини билдирди.

Мадина Юсубалиева, мустақил кузатувчи:

- Сайлов технологиясига риоя этилди. Бюллетенлар дахлсизлиги сақланди. Сайловчилар ўзи истаган номзодга овоз берди. Бюллетенини қутига ташлади. Тартиббузарликлар йўқ.

Абдумалик Сарманов таржимаси