Астанада қимизмуриндиқ байрами ўтказилди

Астанада қимизмуриндиқ байрами ўтказилди

Баҳорнинг биринчи қимизи - қимизмуриндиқ байрами ўтказилди. Қозоғистоннинг миллий анъаналарини ва машҳур ичимликни оммалаштиришга йўналтирилган анжуманга мамлакатнинг 10 та минтақасидан ишлаб чиқарувчилар ташриф буюрди. Улар Астанага ўзларининг биринчи қимизини олиб келди. Бу ерда ҳар бир одам ўзига ёққан қимизни ичиш имкониятига эга бўлди. Фермерларнинг ҳар бири ўзининг бетакрор рецептини намойиш қилди.


Анар Курманова, Жанаарқа қимизи ишлаб чиқарувчиси:


- Таркибида 37 та витамин бор, бизнинг қимиз сил касаллиги, гемоглобин етишмаслиги, организмни қувватлантириш каби вазифаларни бажара олади. Йилқи соғилганида дарҳол кўпигини ичиш керак. Унда жуда кўп витамин бор. Қимиз қанча кўп турса, сифати шунча яхшиланади.


Жумажан Қалтаев, ташкилотчи:


- Одатда қимизмуриндиқ Наврўз ва Сабантўй оралиғида нишонланади. Унда мавсумнинг илк неъмати, май-июнь ойларида тойчоқлар туғилганида тайёрланган қимиз тарқатилади. Одамлар яйловга йўл олади, қозоқ одатига кўра, бир-бирини қутлайди, меҳмондўстлик намунасини кўрсатади.


Фестивалда фақат қимиз эмас, бия сутидан тайёрланган музқаймоқ, шоколадли қурут ҳам татиб кўриш имкони туғилди. Ташкилотчилар таъкидлашича, тадбирдан мақсад — қозоқ халқининг анъанавий ичимлигини оммалаштириш. Айни вақтда, қимизмуриндиқ тадбирлар туркумини бошлаб берди. Улар қаторида BaiQymyz ёзги гастрономия фестивали ҳам бор. У июль ойида Астанада ўтказилади. Анжуманга Қозоғистоннинг энг яхши қимиз тайёрловчилари ва йилқичи фермерлар келади. Энг яхши миллий таомлар тақдим этилади.


Айгерим Мусағажинова, этнограф:


- Биз Қозоғистоннинг барча минтақаларидан қимиз олиб келамиз, тадбирда бутун мамлакат қатнашади. Шунинг учун ҳозир биз этно- ва гастротуризмни ривожлантиряпмиз. Қимизни татиб кўриш учун Франция, Италия, Германия, Австралиядан одамлар келишини истаймиз. Зеро, қимиз халқимизнинг жонлантирувчи қувватини беради.


Абдумалик Сарманов таржимаси