Каспий соҳилида янги модулли казарма барпо этилди

Каспий соҳилида янги модулли казарма барпо этилди

Ақтаудаги ҳарбий-денгиз базасида биринчи модулли казарма тақдим этилди. Ундан бутун йил давомида фойдаланса бўлади – бу ерда сув таъминоти, канализация, иситиш ва вентиляция тизими ишлаб турибди. Бинонинг асосий афзаллиги шундаки, уни тезгина йиғиш ва исталган ерда ўрнатиш мумкин, зарурат туғилганида, яна бир нечта бино қўшса ҳам бўлади. Мисол учун, штаб ёки санитария қисмини. Дарвоқе, келгуси йили Қозоғистон ҳарбий-денгиз кучлари яна 6 та модулли казарма билан бойийди. Улар ҳам Каспий соҳилларида, ҳарбий ғаввосларни тайёрлаш ўқув-машғулотлар мажмуаси ёнида қурилади. Биринчи казармада эса Қозоғистоннинг турли қисмларидан келган кузги чақирувнинг янги аскарлари жойлаштирилган. Ҳозирги кунда денгизчилар ўқув курсида қатнашмоқда. Таълимдан сўнг улар артиллерия кемалари дивизияларига, десант батальонлари ва комендантлик роталарига тақсимланади. Айтиш керак, Каспий ҳудудини юртимизнинг мингдан ошиқ ҳарбий денгизчиси қўриқлайди. Денгиз чегараларининг 1200 километрга яқини мамлакатимизга тегишли.

Даниал Мурат, матрос:
- Ватан олдидаги бурчимни бажаришга келдим. Академик таътилдаман, иккинчи босқичда ўқийман. Ақтау шаҳрини бекорга танламаганман. Денгизни кўриш, кемада сузиш орзуйим эди. Жуда мамнунман, янги казармадамиз, ичкари иссиқ, таълим олишда ҳаммами кўзда тутилган.

Алмат Нуртаев, 29011-рота командири:
- Модулли казармалар илк маротаба ҳарбий-денгиз флоти учун қурилган. Ҳаммаси жуда қисқа муддатларда қилинди. Қурилиш июнда бошланди, сентябрда эса тугатдик. Тез орада ёш аскарларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилади, шундагина улар чинакам денгизчига айланади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.