Ақмўла вилояти миришкорлари далаларга қурғоқчиликка чидамли навларга ўтяпти. Шу кунларда оммавий экин-тикин кампанияси давом этяпти. Минтақа туманларидан бирида 50 минг гектар қўриқ ер очилиши режалаштирилган. Унинг кўп қисмига янги буғдой навлари экилади.
Бахит Ермуратов, МЧЖ ижрочи директори:
- Навларни янгилашга асосий эътибор беряпмиз. Қурғоқчиликка чидамли навлардан уруғлик олишга ҳаракат қиляпмиз. Хўжаликда уларни жорий этишга эътибор катта. Янги навлар асосан Қозоғистон селекцияси маҳсули, ёмғир кам бўладиган ҳудудларда етиштиришга мўлжалланган. Шунинг учун олимлар билан тиғиз ҳамкорлик қиляпмиз.
Ақмўла вилоятидаги баҳорги дала ишларида салкам 15 минг трактор ва бир ярим мингдан зиёд уруғ қадаш мажмуалари ишлатиляпти, мавсум дваомида ҳар куни 250 минг гектар ер қўлдан чиқарилади. Миришкорлар июнь ойи бошигача экиш ишларини якунлаш ниятида. Жами 5 миллион гектар ерга уруғ қадалиши режалаштирилган.
Еркеш Аленов, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси раҳбари ўринбосари:
- Уруғлик муаммоси йўқ, 50 минг тоннасини ўтган йили тайёрлаб қўйганмиз. Улар 1- ва 2-класс буғдойи. Жами 33 та уруғчилик хўжалиги бор, улар элита навларига оид 50 минг тонна маҳсулот чиқарган. Уруғлик масаласи кун тартибидан чиқарилган.
Таъкидлаш лозимки, элита уруғлик харажатларининг 70 фоизи ва юқори репродукция уруғлиги харажатининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қопланади. Бунинг учун жами 800 миллион тенге ажратилган.
Абдумалик Сарманов таржимаси.