Астанада Қозоғистон Президенти иштирокида Парламент ислоҳоти бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди. Давлат маслаҳатчиси Давлат раҳбарига Ишчи гуруҳ фаолияти тўғрисида маълумот берди. Ерлан Қарин Ишчи гуруҳ аъзоларининг умумий тасаввурини баён қилди ва ўзгаришлар мамлакат сиёсий тизимини модернизациялаш ҳамда давр талабига мос бўлишини таъкидлади. Президентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Ержан Жиенбаев ўтган йилнинг октябрь ойидан бошлаб йиғилишларда янги бир палатали Парламент фаолияти — унинг сони, ваколат муддати, сайланиш тартиби, қонунчилик механизмлари, шунингдек, бошқа давлат ташкилотлар билан ўзаро алоқаси муҳокама қилинаётганини таъкидлади. Бир неча ой мобайнида еттита сиёсий партия, ўнлаб ноҳукумат ташкилотлар, бизнес-тузилмалар, шунингдек, ҳуқуқшунос олим ва экспертлар конституциявий ислоҳотлар бўйича ташаббусларини юборган. Бундан ташқари, конституциявий тузилма, сиёсий ва ижтимоий институтларни такомиллаштириш борасида фуқаролардан бир ярим мингдан кўпроқ мурожаат келиб тушган. Қолаверса, минтақаларда депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувларда қозоғистонликлар сиёсий ислоҳотга жонли қизиқиш намойиш этди. Сиёсий партиялар етакчилари шу ҳақда сўз юритди. Йиғилишни якунлар экан, давлат раҳбари конституциявий ислоҳотлар муҳокамаси бошланганига деярли ярим йил бўлганини таъкидлади. Шу вақт ичида жамиятда мамлакат олий қонунчилик органининг олдинда турган трансформациясидан мақсад-вазифасига доир тўғри тушунча шаклланди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Мамлакатимизда
янги сифатли сиёсий модель шаклланади. Парламент ислоҳотини амалга ошириш
Конституциянинг бир нечта бўлимларини қайта кўриб чиқишни талаб этади. Шу боис,
илгари Асосий қонунимизга киритилган ўзгаришларни ҳисобга олсак, Ишчи гуруҳ
таклиф қилаётган тузатишлар лойиҳаси Қозоғистоннинг мазмунан янги Конституциясини
кўриб чиқиш ҳақида сўз юритиш имконини беради.

