7 минг 500 нафарга яқин қозоғистонлик ўқувчи «Олтин белги» олди

7 минг 500 нафарга яқин қозоғистонлик ўқувчи «Олтин белги» олди

Жорий йилда 186 минг нафар қозоғистонлик ўқувчи 11-синфни тугатди. Шундан 7 минг 500 нафарга яқини «Олтин белги» олди. Ҳар 25-битирувчидан бири юксак унвонга ноил бўлди. Маориф вазирлиги берган маълумотга кўра, 13 минг нафардан зиёд ўқувчи ўрта таълимни юқори даражада олгани тўғрисида имтиёзли шаҳодатнома олган. Таъкидлаш лозимки, «Олтин белги» билан 5-11 синфлар давомида барча предметлардан йиллик ва якуний баҳолари «аъло» бўлган ўқувчилар мукофотланади.

 

Сара Еришева, Қозоғистон Республикаси Маориф вазирлиги ўрта таълим қўмитаси бош эксперти:

-  Мавжуд қоидаларга, таълим тўғрисида қонунга кўра Қозоғистон олий ўқув юртларига таълим грантлари тақсимотида балл сони тенг бўлган тақдирда «Олтин белги» олганларга имтиёз берилади. Имтиёзли шаҳодатнома соҳиблари ҳам шундай имкониятга эга бўлади. Бундан ташқари, халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари ҳам имтиёзга эга бўлади.  Яъни, тенг балл олган тақдирда уларнинг Қозоғистон олий таълим даргоҳларида ўқиш учун грант олиши эҳтимоли юқори.


Шу билан бирга, Фан ва олий таълим вазирлиги Ягона миллий тест бўйича дастлабки натижаларни эълон қилди. Ҳозиргача уни 164 минг талабгор топширишга улгурди. Абитуриентларнинг 74 фоизи қозоқ тилида, 26 фоизи рус тилида, 115 нафари инглиз тилида топширди. 76 фоиз қозоғистонлик ўқишни давом эттириш учун зарур балл олишга эришган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.