Қозоғистон Мустақиллигининг 30 йилида Америка Қўшма Штатлари юртимиз иқтисодиётига 37 миллиард доллар инвестиция йўллаган. Шу тариқа, бугунги кунда АҚШ мамлакатимизнинг энг йирик инвесторларидан бири саналади, ундан олдинда фақат Нидерландия туради. Бугун Қозоғистон-АҚШ ўртасидаги стратегик ҳамкорлик бўйича комиссиянинг кенгайтирилган йиғилишида икки тарафлама шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ақан Рахметуллин айтишича, Қозоғистонда Америка капитали иштирокидаги 560 дан зиёд компания муваффақиятли фаолият юритмоқда. У республика келгусида ҳам АҚШ билан ўзаро сиёсий-иқтисодий алоқаларни юксак суръатда тутиб туриш ниятида эканлигини айтиб ўтди. Умуман, тарафлар келгусидаги кўптомонлама шериклик истиқболлари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратди.
Ақан Рахметуллин, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари:
- Тадбир кун тартиби кенг кўламли масалаларни ўзига олган, бу - глобал минтақавий хавфсизликдан тортиб, ҳуқуқни ҳимоя қилиш, иқлим ўзгаришлари, таълимий алмашув ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик. Биз америкалик шериклар билан бир фикрда якдилмиз, С5+1 мулоқоти ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича минтақа давлатлари позициясига яқинлашишнинг муҳим воситаси бўлиб қолмоқда.
Хуршида Абдуллаева таржимаси