Марказий Осиёнинг 50 та, шу жумладан, 27 та Қозоғистон стартапи Кремний водийсида ўқиш-ўрганиш ва ишлаш имкониятига эга бўлди. Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги маълум қилишича, минтақанинг ўнта энг яхши лойиҳаси AlchemistX Accelerator дастурига кўра танлаб олинди. Ушбу ташкилот ўн йилдан буён бутун дунёдаги муассис ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаб келяпти. Минтақалардан келган стартапчилар Кремний водийсида 12 августдан бошлаб октябрь охиригача қолади. 40 нафар бизнесмен кейинроқ иш бошлайдиган Silicon Valley Residency Program, Hero Training ва Stanford Healthcare Innovation Lab дастурларида қатнашади. Таъкидлаш лозимки, бу дастурларнинг барчаси Марказий Осиёдаги B2B-стартапларни ривожлантиришга мўлжалланган.
Ристи Исағулова, Astana Hub бизнес-дастурлар офиси менежери:
– Дастур Жаҳон банки томонидан молиялаштирилади. Стартапчилар унда бепул қатнашади. Дастур доирасида ўз бизнесини ривожлантириш бўйича бепул ёрдам ва айнан АҚШ бозорида ишлаётган профессионаллардан дарс олади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.