Қозоғистонда нефть қазиб олиш ҳажми ўтаётган йил якунларига кўра, деярли 86 миллион тоннага етган. Шунинг 67 миллион 600 минг тоннаси экспортга юборилиши кутиляпти. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида соҳадаги ўсиш борасида сўз юритган мамлакат Энергетика вазири Мағзум Мирзағалиев маълум қилди. Унинг айтишича, келгусида республикада ўсиш кўрсаткичи учун салоҳият катта. Шунингдек, тегишли муассаса раҳбари берган маълумотга кўра, 2030 йилга бориб, қора олтин қазиб олиш ҳажми 104 миллион 200 минг тоннага етказилиши режа қилинган. Бунга Қарачағанақ конини қўллаб-қувватлаш, Тенгиз конини кенгайтириш ҳисобига эришилади. Яна бир нечта йирик ташаббуслар амалга оширилиши режалаштирилган, дейди вазир.
Мағзум Мирзағалиев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири:
- Қашаған конида газни қайта ишлаш заводлари қурилиши 3 миллиард куб метр товар гази ишлаб чиқариш ва нефть қазиб олишни йилига 16 миллион тоннадан 20 миллион тоннага етказиш имконини беради. Бундан ташқари, Хазар ва Каспийдаги Қаламқас-денгиз конлари лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича фаолият бошланган, унга кўра, 2028 йилдан бошлаб, йилига 4 миллион тонна нефть қазиб олиш мумкин бўлади.
Абдумалик Сарманов лавҳаси