2022 йилда Қозоғистонда 30 дан зиёд тарихий-маданий объект реставрация қилинди

2022 йилда Қозоғистонда 30 дан зиёд тарихий-маданий объект реставрация қилинди

Энг қимматли меъморчилик обидаларини сақлаб қолиш доирасида бу ишлар амалга оширилди. Қайта тикланган объектлар бронза давридан бошлаб, XIX асргача бўлган даврга мансуб. Улардан бири – Алтинасар шаҳри харобалари. Уни ЮНЕСКО рўйхатига киритиш бўйича иш давом этяпти. Жети асар маданиятига мансуб энг йирик ёдгорлик – улкан қалъадан иборат. Унда қадимий муҳофаза деворлари асосини мустаҳкамлаш ва қадимги харобалар ўрнида қальа фрагментларини қайта яратиш бўйича ишлар амалга оширилди.

Кумис Сеитова, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазирлиги қўмитаси раиси ўринбосари:

– 2022 йилда 17 та аҳамиятли тарихий ва маданий ёдгорликларда илмий-реставрация ишлари бошланди. Рўйхатга Ҳазрат-Султон музей қўриқхонаси ҳудудидаги қатор объектлар, Ўтрор, Жаркент масжиди, Бўтай манзилгоҳи, Бўкеев Ўрдаси хон қароргоҳи объектлари, Ахмет Байтурсинули уй-музейи, Бекет-ота ер ости масжиди, Сауран меъморий-археологик мажмуаси, Абилайхон қароргоҳи ва бошқалар киритилган.

Тегишли вазирликда маълум қилишларича, ҳозир қозоғистонлик ва хорижлик олимлар биргаликда тарихий объектларни тиклаш усуллари ва технологиялари устида фаол иш олиб боряпти. Экспертлар барча икир-чикирларни, қадимий қурилиш материалларининг таркибидан тортиб, иқлим шароитигача ҳисобга олишади. 

Абдумалик Сарманов таржимаси