Мажилис депутатлари йўл ҳаракати ташкил этилиши тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгаришларни тасдиқлади. Улар биринчи навбатда пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Эндиликда электросамокат ҳайдовчилари йўлнинг ўнг томонида, шу жумладан, автобуслар ҳаракатланадиган қисмида бир қатор бўлиб юриши мумкин. Лекин бунинг учун ҳайдовчи 18 ёшга тўлган бўлиши, бошига шлём, эгнига нур қайтарувчи кийим кийиши, бирор категорияга оид транспорт бошқариш ҳуқуқига эга бўлиши зарур. Велосипед йўлларида ҳаракатланувчиларга чеклов қўйилмайди. Фақат электросамокатчилар пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳаларда транспорт воситасини пиёда суриб ўтиши керак.
Екатерина Смишляева, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажилиси депутати:
- Тротуарларда пиёдалардек, яъни соатига 6 километрдан зиёд бўлмаган тезликда ҳаракатланиш мумкин. Бундай ёндашув янги транспорт тури соҳиблари ва пиёдалар манфаатларига уйғун келади. Тротуарда юриш тезлиги чекланиши пиёдалар хавфсизлигини таъминлайди. Буни таъминлаш, тартибга келтириш бироз мураккаб, лекин пиёдалар ҳаракати тезлигини таққослаб, чамалаш ва аниқлаш мумкин.
Абдумалик Сарманов таржимаси