Қозоғистон чегараоша иш юритадиган хаблар яратиш ниятида. Улар Шимол-Жануб, Шарқ-Ғарб транспорт йўлаклари салоҳиятини оширади. Мамлакат Бош вазири Алихан Смаилов Москвада бўлиб ўтаётган иккинчи Каспий иқтисодий форуми пленар йиғилишида шундай баёнот берди. Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Европа, Марказий Осиё ва Хитойни боғловчи Транскаспий халқаро транспорт йўналишининг тор нуқталарини бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратди.
Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:
- Бу - Ақтау ва Қуриқ портлари, Хоргос қуруқлик порти, «Марказий Осиё» саноат кооперацияси халқаро маркази. Ушбу хаблар Каспий соҳилидаги давлатлар савдо оқимларини кенгайтиради, халқаро бозорларга олиб чиқади, шу муносабат билан давлатимиз раҳбари Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаевнинг Каспийбўйи озиқ-овқат хаби яратиш ташаббуси жуда муҳим. Унга кўра, Ақтау порти йирик транспорт-логистика марказига айланади. Ақтау «Ҳиндистон-Форс кўрфази давлатлари-Эрон- Қозоғистон-Россия» йўналишидаги транспорт тугунларидан бири бўла олади.
Эслатамиз, Каспийбўйи минтақасида бешта давлат – Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Россия ва Туркманистон бор. Уларнинг улуши жаҳон энергетика товарлари экспортида 13 фоизни ташкил қилади, «бешлик» давлатларининг ўзаро савдоси сўнгги олти йилда 66 фоизга ўсди.
Абдумалик Сарманов таржимаси