2021 йилда қозоғистонликларни нима кутмоқда?

Тадбиркорлар учун солиқдаги енгилликлар, умумий декларациялаш, ҚҚС қайтарилишини соддалаштириш. Иқтисодчи Арман Байғанов Qazaq TV телеканалига берган интервьюсида жорий йилда қозоғистонликларни кутаётган ўзгаришлар ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, 1 январдан кучга кирган қонунчиликдаги ўзгаришлар аввало мамлакат аҳолиси фаровонлигини оширишга қаратилган. Масалан, ўз нафақа жамғармаси ҳисобидан уй-жой шароитини яхшилаш, шунингдек, даволаниш учун ҳақ тўлашда фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Фақат ўзи учун эмас, турмуш ўртоғи ва яқин қариндош-уруғлари учун ҳам тўлов қилиниши мумкин. Жорий йилда бу имкониятдан 721 минг нафардан зиёд қозоғистонлик фойдалана олади. Бундан ташқари, жорий йилдан республикада ялпи декларациялаш тизимига босқичма-босқич ўтиш  бошланади. Аналитик фикрича, бу тадбир ҳар қандай истиқболли иқтисодиёт ривожланишида табиий босқич. Шунинг учун қозоғистонликлар бу янгиликдан чўчимаслиги лозим. Даромадлар ва мулкни декларациялаш эса жаҳон амалиётида яширин даромадларга қарши курашда солиқ назоратининг самарали воситаси, деб таъкидлади мутахассис.

АРМАН БАЙҒАНОВ, ИҚТИСОДЧИ, ЭКСПЕРТ:

- Аҳолининг декларация топшириш жараёни босқичма-босқич ўзгариб боришини айтишни истардим. Аввал давлат хизматчилари декларация топширарди, ҳозир бу жараёнга уларнинг турмуш ўртоқлари, қариндошлари, давлат ташкилотлари ходимлари ҳам қўшилади. Тегишлича, 2023 йилга бориб, аҳолининг барча қатлами декларация топширишга ўтади. Бу иш босқичма-босқич юз беради. Бу муҳим жиҳат. Мен таъкидлашни истаган иккинчи масала, ойлик ҳисоб кўрсаткичи ва яшаш учун зарур маблағ миқдори кўтарилади. Бу эса иқтисодиётни ривожлантириш учун амалга оширилаётган чора.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилдан бошлаб ойлик ҳисоб кўрсаткичи 2917 тенге миқдорида бўлади, энг кам маош миқдори ўзгармайди ва 42 минг 500 тенгелигича қолади. Энг кам пенсия миқдори 43 минг 272 тенгегача ортади. Яшаш учун зарур минимал маблағ миқдори 34 минг 302 тенге этиб белгиланди. Шунингдек, йил бошидан буён нафақа тўловлари 7 фоизга кўтарилди.