Юбилей кечалари, йирик кўргазмалар, байрам концертлари, кинофестиваллар, ёдда қолувчи спектакллар. Тегишли вазирлик вакиллари айтишича, 2021 йил муҳим воқеаларга бой бўлиши кутилмоқда. Тадбирларнинг кўп қисми мамлакатдаги асосий воқеа – Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланади. Шуни ҳам айтиш керакки, кенг кўламли байрам тадбирлари республика бўйлаб ўтказилади. Жорий йилда буюк қозоқ оқини Жамбил Жабаев ва бошқа республикага танилган арбоблар юбилейига бағишланган анжуман, кўргазма ва концертлар ташкил қилинади.
ҒАНИ МУРАТОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА СПОРТ ВАЗИРЛИГИ МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОР ЎРИНБОСАРИ:
- Абай йили катта муваффақият билан нишонланганини ҳисобга олган ҳолда буюк шоир Жамбил Жабаев юбилейини ҳам муносиб даражада ўтказишни режалаштиряпмиз. Асосий таниқли шахслардан ташқари жорий йилда яна бир қатор таниқли жамоат, маданият ва давлат арбоблари туғилган саналар нишонланади. Масалан, бастакор Қапан Мусин жорий йилда 100 ёшга тўлади. Бундан ташқари, мусиқа соҳасида Сиздиқ Мухамеджанов, Мухан Тўлебаев, Латиф Ҳамидий, Ахмед Жубанов каби кўплаб арбобларимиз бор. Уларнинг юбилейлари нишонланади, шу муносабат билан маълум бир режалар қабул қилинади ва рўёбга чиқарилади.
2021 йил юртимиз кино соҳасини ривожлантиришда ҳам аҳамиятли давр бўлади. Давлат раҳбари топшириғини рўёбга чиқариш доирасида мамлакат бош киностудиясини модернизациялаш мўлжалланган. «Казахфильм» энг замонавий ускуна ва техника билан жиҳозланади. Бундан ташқари, жаҳон музейлари бўйлаб Олтин одам саёҳати давом этяпти. Эслатамиз, Қозоғистоннинг ноёб лойиҳаси хорижлик томошабинларда кенг қизиқиш уйғотди.