Қозоғистонлик муаллифлар ва Ғарбий Европа классик бастакорлари опера ария ва дуэтлари, чолғу асбоблари ва хор асарлари. «Астана Опера» очиқ ҳавода туркум концертлар беради. Театр артистларининг чиқишлари 13 июндан 6 июлгача давом этади. Жами 10 та концерт берилиши режалаштирилган. Улар орасида кўпчиликка манзур бўлган Антонио Вивальдининг «Йил фасллари», шунингдек, «Opera Galo» ҳам бор. Дастур катталар ва болаларга мўлжалланган. Томошабинларни «Астана Опера»нинг ноёб лойиҳаси - «PICCOLO» театри тақдимоти кутяпти, унинг доирасида Гаэтано Доницеттининг икки актли «Дон Паскуале» постановкаси намойиш этилади. Шунингдек, Италия, Швейцария, Япония, Россия ва Чехиядан келган артистлар ижроси томошабинлар учун ёқимли сюрприз бўлади. Санъаткорлар шаҳарнинг икки саҳнаси – Марказий шаҳар парки ва Мамбетов кўчасидаги амфитеатрда ўз маҳоратини кўрсатади.
Азамат Жилтиркўзов, «Астана Опера» театри опера труппаси раҳбари:
- Бугунги кунда театрга ташриф буюриш чекланган, афсуски, биз тегишли қоидаларга риоя этган ҳолда кенг томошабинлар оммасини қабул қила олмаймиз. Шубҳасиз, артистларимиз кўпроқ мухлислар қаршисида санъатини кўрсатишни истайди. Шунинг учун очиқ ҳавода барча санитария меъёрларига риоя этган ҳолда жонли ижро, оркестр ва хор жўровозлигида чиқишлар ташкил этдик. Мен одамларни маданият, юксак классик санъат билан ҳамнафас этиш жуда муҳим, деб ҳисоблайман. Биз бир йилдан буён карантиндамиз, артистлар учун бу анча мураккаб ҳолат.
Абдумалик Сарманов таржимаси