19 қозоғистонлик Исроилдан қайтиб келди

19 қозоғистонлик Исроилдан қайтиб келди

19 қозоғистонлик, шу жумладан, 15 бола махсус рейс билан Исроилдан қайтиб келди. Мамлакатимиз элчихонаси дипломатлари уларнинг Исроилнинг турли қисмларидан аэропортга етиб келишларини ташкил этди ва самолёт парвозини ташкил қилди. Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров таъкидлашича, уларни олиб чиқиб кетишда Қозоғистоннинг Миср ва Иорданиядаги элчихоналари ҳам кўмаклашди. Улар Ғазо секторидаги қозоғистонликлар билан мунтазам алоқада бўлишди. Вазирлик вакили таъкидлашича, Ғазода вазият мураккаблигича қоляпти.

Айбек Смадияров, Қозоғистон Республикаси Ташқи ИШЛАР вазирлиги расмий вакили:
- Таъкидлаш лозимки, Тель-Авив халқаро аэропорти одатдаги тартибда ишлаяпти. Қозоғистоннинг Миср ва Иорданиядаги элчихоналари фалокат ҳудудларидаги фуқаролар билан мунтазам алоқада. Дипломатларимиз юртдошларимиз ва уларнинг  оила аъзоларини Ғазо секторидан Рафах ўтказиш пункти орқали Мисрга олиб чиқиб кетиш масаласида мунтазам мулоқотда. Бугунги кунда Ғазо секторида ҳужжатлари тўлиқ бўлган 67 Қозоғистон  фуқароси бор, оила аъзолари билан қўшиб ҳисоблаганда, бу 100 нафардан зиёд одам дегани. Ҳозирча ҳалок бўлган ва жароҳатланганлари йўқ.

Шунингдек, Айбек Смадияров ҳафта ичида Қозоғистонга Еврокомиссиянинг халқаро ҳамкорлик директорати вакили келишини билдирди. У Ақтау ва Қуриқ портларидаги вазият билан танишади. Ушбу ташриф 2024 йил январида Брюсселда ўтказиладиган инвесторлар  форуми доирасида ташкил қилинди. Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон делегацияси «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» вазирлар учрашуви ва Люксембургда «Қозоғистон  – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгашининг 20-йиғилишида қатнашади. Анжуманлар доирасида Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати олий вакили Жозеп Боррель, шунингдек, қатор Европа давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан учрашади ва музокаралар юритади.

Абдумалик Сарманов таржимаси.