Астанада Ёш олимлар саммити ўтказиляпти. Пойтахтга 200 дан зиёд қозоғистонлик тадқиқотчи тўпланган. Тадбир Фан ходимлари кунига бағишланди. Бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган 25 минг нафар илмий кадрларнинг учдан бир қисмини ёшлар ташкил қилади. Уларнинг минг нафардан зиёди сўнгги икки йилда ушбу соҳага кириб келди. Давлат янги ихтиролар яратилишига ҳар жиҳатдан тизимли кўмак кўрсатаяпти. Ҳар йили иқтидорли олимларга давлат стипендиялари, ишланмаларга ҳукумат мукофотлари тақдим этади. Анжуманда олимлар мамлакат фани ривожланиши истиқболларини муҳокама қилиш, хорижлик ҳамкасблар билан тажриба алмашиш ниятида. Энг яхши илмий лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Ташкилотчилар таъкидлашича, Ёш олимлар саммити йил сайин ташкил қилиниши режалаштирилган.
Ринат Елшибеков, Фан қўмитаси бошқарма бошлиғи:
– Саммитнинг иккинчи қисмини Халқаро илмий-техник марказ билан бирга ўтказамиз. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз – илмий дастурларни, фанни ҳамкорликда ривожлантиришдан иборат. Ва, албатта, хорижий лабораториялар билан тажриба алмашамиз. Бунинг учун Япониядан экспертлар таклиф қилдик.
Нурхат Жақиев, PHD доктори:
– Биз экология, энергетика ва сув захиралари соҳасида лойиҳа тақдим этиш ниятидамиз. Соҳаларни самарали интеграциялаш учун компьютер моделлаштиришидан фойдаландик. Лойиҳамиз Қозоғистоннинг энергетик хавфсизлиги, мустақиллигини ҳисобга олади, ижтимоий масалалар ҳам кўзда тутилган. Экологияга келсак, лойиҳа иссиқхна газларининг атроф-муҳитга чиқишини ўрганади ва таҳлил қилади. Жамоамиз келажакда ўз лойиҳалари билан Европа танловларида ҳам қатнашиш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.