Транспорт, энергетика, кимё саноати, экология, соғлиқни сақлаш. Қозоғистон Бош вазири Ашхабадда бўлиб ўтган МДҲ ҳукумат раҳбарлари кенгаш йиғилишида ҳамкасблари билан шу ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Асосий эътибор транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилди. Ҳозирда Қозоғистонда жалб қилинган сармоянинг жами миқдори 35 миллиард доллардан кўпроқ бўлган транзит трансконтинентал йўналишлар тизими шаклланган. Европа ва Осиё ўртасидаги қуруқлик юк ташувларининг 80 фоиздан ошиқроғи мамлакатимиз ҳудудидан ўтади. Ўлжас Бектенов таъкидлаганидек, самарали логистика занжирини барпо этиш учун тариф сиёсатини уйғунлаштириш ва божхона жараёнларини рақамлаштириш борасида шерикликни кучайтириш зарур. Йиғилиш якунларига кўра, 11 та ҳужжат имзоланди, улар ҳамкорликнинг кейинги ривожига қаратилган.
Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:
– Биз иқтисодий фаровонликни таъминлаш, мамлакатнинг мустаҳкам “саноат каркас”ини яратиш, носоз инфратузилмаларни янгилаш, агросаноат мажмуасини қайта кўриб чиқиш ва Қозоғистоннинг транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланишни мақсад қилганмиз. Ишончимиз комилки, бу мақсадларга тўла-тўкис эришиш учун асосий ҳамкорларимиз билан кооперацияни кучайтиришимиз керак.
Йиғилиш доирасида Қозоғистон ҳукумат раисини Туркманистон Президенти Сердар Бердимухамедов қабул қилди. Томонлар газ соҳасидаги ҳамкорликни, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди. Ўлжас Бектенов қирғизистонлик масъуллар билан ҳам учрашув ўтказди. Республикалар икки тарафлама товар айланмасини кенгайтириш ва уни 3 миллиард долларга етказиш ниятида.
Абдумалик Сарманов таржимаси.