Туркийлар дунёсининг асосий баҳор байрами, уйғунлик
ва янгиланиш рамзи бўлган Наврўз асрлар давомида нишонланиб келади. Тадқиқотчилар
берган сўнгги маълумотларга кўра, бу кун 5 минг йилдан буён
байрам қилинади. У қадимий Эронда қуёшнинг илоҳийлаштирилиши оқибатида пайдо
бўлган. Ўрта Шарқ халқлари ҳаёт ва фаровонлик ана шу ёритгични манбаи
сифатида кўрган. Бу эътиқод жуда кенг майдонга таралган. Бугунги кунда
Янгиланиш кунини Қозоғистон, Озарбайжон, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қирғизистон,
Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Ўзбекистон,
Венгрия ва бошқа давлатлар аҳолиси байрам қилади. Қадим замонларда Наврўз 53 кун
нишонлангани маълум. Ҳозир эса тантаналар 1-3 кундан икки ҳафтагача давом этади.
Али Акбар Талабий Матин, Қозоғистондаги
Эрон Ислом Республикаси
Элчисининг Маданий Масалалар Бўйича Маслаҳатчиси:
- Эронда ҳам Наврўз кенг кўламда нишонланади, байрам 13
кун давом этади. Дастурхонга «Ҳафт син», яъни етти хил унсурдан пиширилган таомлар
тортилади. Биз
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Наврўз байрами ўнкунлиги ҳақидаги қарорини маъқуллаймиз.
Ушбу баҳор байрамида барча қозоғистонликларга фаровонлик, саломатлик, эзгулик
тилайман.
Наврўзни қанчалик кенг нишонласангиз, йил шу қадар фаровон бўлади, деган нақл бор. Шунинг учун байрамда дастурхонлар тўкин, одамлар
сахий бўлади.
Мўл-кўл таомлар тайёрланади, сут ва айрон тортилади, фаровонлик тилаклари айтилади. Тадқиқотчилар
бир овоздан таъкидлашича, баҳорги тенгкунлик маросимлари бой ўтмишни келажакка
интилаётган бугунги кун билан боғлайди.
Асқар Жусупбеков, Л.Н. Гумилёв Номли Евроосиё Миллий Университети Профессори:
- Наврўз илк марта
Эрон ҳудудида нишонлангани тахмин қилинади. Шунинг учун ҳам биз ўтказаётган маросимларни
улкан байрамнинг бир қисми сифатида баҳолаш мумкин. Бу баҳор байрами ҳаётимизнинг барча
соҳаларига ижобий таъсирини кўрсатади. Мен бу байрамни имкон қадар кенг
нишонлаш керак, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда биз танлаган формат жуда ўзига
хос, фойдали ва қимматли, деб ўйлайман. У бизнинг миллий байрамимиз ва биз уни
эъзозлашимиз керак.
Ушбу баҳор байрамини кутадиган, нишонлашда
бардавом бўлган мамлакатларнинг барчасида Наврўз билан боғлиқ кўплаб
турли-туман анъаналар мавжуд. Лекин
уларнинг барчаси рамзий шаклда илиқ хонадон, меҳмондўстлик, оилавий ва маданий
қадриятлар билан боғлиқ. Умуман олганда,
ҳозир сайёрамизда 300 миллиондан
кўп киши Наврўзни байрам қилади. 2009 йилдан у ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданият мероси репрезентатив рўйхатига киритилган.
Абдумалик Сарманов
таржимаси.