1 сентябрдан Қозоғистонда таълим тизимига сунъий интеллект жорий этилади

1 сентябрдан Қозоғистонда таълим тизимига сунъий интеллект жорий этилади

Қозоғистонда сунъий интеллект ўрта таълим тизимига жорий этилмоқда. Президент топшириғига кўра, бу борада 2029 йилгача мўлжалланган мажмуавий режа ишлаб чиқилди. Уч йил давомида пилот лойиҳада иштирок этиш учун 500 та мактаб саралаб олинди. Биринчи босқич 1 сентябрдан Қизилўрда ва Павлодар вилоятлари таълим муассасаларида бошланади. Сунъий интеллект ечимлари математика, рақамли саводхонлик ва она тили дарсларида синовдан ўтказилади. Шахсга мослаштирилган таълим ва мактаб ўқувчилари маълумотларини ҳимоя қилишнинг қўшимча механизмларига эга миллий сунъий интеллект платформаси яратилади. 350 минг нафар ўқитувчи рақамли технологиялардан фойдаланиш, таълим жараёнига сунъий интеллект ёрдамчиларини жорий этиш бўйича курслардан ўтди. Ёзги таътил охиригача Қозоғистонда янги Конституцияни ўрганиш бўйича ўқув дастурлари ҳам такомиллаштирилади. Бош вазир Ўлжас Бектенов Ҳукумат йиғилишида тегишли топшириқлар берди.

Ўлжас Бектенов, Қозоғистон Республикаси Бош вазири:

-  Болалар ва ўсмирлар билан ишлаш алоҳида аҳамиятга эга. Ёз даврида янги Конституция ва сунъий интеллект асосларини амалий тарзда тўлақонли ўрганиш билан боғлиқ барча таълим дастурлари ва услубий тавсиялар қайта ишлаб чиқилиши керак.

Эслатамиз, Қозоғистонда қарийб 4 миллион нафар ўқувчи ўқув йилини якунлади. Ҳукумат ёзги таътил қандай ташкил этилишини маълум қилди. 11 мингдан ортиқ мактабда, шаҳар ташқарисида ишлайдиган болалар марказлари, оромгоҳлар фаолият юритади. Болалар музейлар, театрлар, кутубхоналар ва маданият ўчоқларига бепул ташриф буюришади. Ўлжас Бектенов бундай даргоҳлар рўйхатини кенгайтириш бўйича топшириқ берди.

Абдумалик Сарманов таржимаси