Давлат раҳбари ҚХА ХХХІІІ сессиясини ўтказди

Давлат раҳбари ҚХА ХХХІІІ сессиясини ўтказди

Бирлик. Яратувчанлик. Тараққиёт. Бугун Президент Қозоғистон Халқи Ассамблеясининг 33-сессиясида замонавий муваффақиятли ва стратегик тараққиётнинг уч асосий устунини айтиб ўтди. Ҳамжиҳатлик, ўзаро англашув ва қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда ҳар доим давлат сиёсатининг асосий қадрияти, йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Табиий офат олдида дастлабки кунларданоқ давлат ва жамиятнинг барча тузилмалари ўзаро келишилган фаолият олиб боргани бунинг исботидир. Давлат раҳбари устивор вазифа - жабрланган қозоғистонликларни одатий ҳаётга қайтариш эканини яна бир бор тасдиқлади. Бу ерда – барча, жумладан, оддий қозоғистонликларнинг ҳам куч ва воситалари аллақачон бу ишни амалга оширишга йўналтирилган. Қосим-Жўмарт Тўқаев уқтирганидек, минтақаларда Ассамблея вакиллари ҳам катта ишларни амалга оширди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Мана шу оғир ҳафталарда мамлакатимиз мисли кўрилмаган табиий офатни шараф билан енгиб ўтишда ўзининг сабр-тоқати ва қобилиятини умумхалқ синовидан ўтказмоқда. Ҳар қандай инқироз фақат синов келтирмайди, балки ҳар биримизнинг яширин куч-салоҳиятимизни очиб беради ва янги имкониятлар яратади. Эртами-кечми, у ёки бу даражада тараққиётимизга халал берадиган нарсаларни тарих оқими ювиб кетади ва улар йўқликка юз тутади. Шу боис, ҳозирги табиий офат – тушкунлик ва қайғуриш учун сабаб бўлолмайди. Тараққиёт йўли ҳамиша машаққатли ва нотекис бўлган. Аммо омадсизлик ва фалокатлар ортидан албатта муваффақият ва фаровон кунлар етиб келади.

Қозоғистон раҳбари ҚХАнинг келгуси ривожланишини қандай кўришига ҳам батафсил тўхталиб ўтди. Давлат раҳбари Ассамблея фаолиятини янги гуманитар-мафкуравий доктрина билан ҳамоҳанг қилиш зарур,  деб ҳисоблайди. Унинг негизида ватанпарварлик,  бирдамлик ва бағрикенглик, дискриминацияга тоқат қилмаслик ётади. Ассамблея ёшларнинг мафкуравий тарбияси билан шуғулланади ва этнослараро муносабатларнинг янги майдончаларини яратиш ҳамда ривожлантиришни ўз зиммасига олади. Бундан ташқари, ҚХАнинг институционал салоҳиятини кучайтириш – давлат органлари билан аниқ мулоқотни йўлга қўйишга ўргатиш зарур.

Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:

- Менинг топшириғимга кўра,  вилоятлар ҳокимлари ҳар икки ойда камида бир марта этнослараро вазият бўйича ҚХА вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказиши шарт. Мен барча минтақалар раҳбарларига Ассамблеянинг асосий тадбирларида шахсан иштирок этишни топширдим. Ҳукумат қарорларини қабул қилиш ва мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда Ассамблеянинг ролини изчил кучайтириб бориш зарур. Бунинг учун ҚХАнинг илмий-экспертлик салоҳиятини ўстириш даркор.

Келаси йили ҚХА ўзининг 30 йиллигини нишонлайди. Илгари бўлгани каби, ҳамжиҳатлик ва бирлик институти асосий эътиборни замонавийликнинг бош тамойили – «хилма-хилликдаги бирлик»ни амалга оширишга қаратишни кўзлаган.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.