Қозоғистонда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ягона рўйхати шакллантириляпти. Йил охиригача тайёр бўлиши кутилаётган бу ҳужжатда уларнинг ҳар бири, ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари, кўрсатиладиган хизматлар, ходимлар сони тўғрисидаги маълумот берилади. Тегишли вазирнинг Ҳукумат йиғилишида берган маълумотига кўра, реестрдан жой олган ишлаб чиқарувчилардан локализациялашни кенгайтириш талаб қилинади. Айни вақтда, тизимдагилар давлат ёрдамини олади, давлат, квазидавлат ва замин ости бойликларидан фойдаланувчи компаниялар харидларида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида қонунчиликка ўзгаришлар киритилади.
Қанат Шарлапаев, Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири:
– Йирик буюртмалар берувчиларнинг маҳаллий товар ва хизматлардан фойдаланишни кенгайтириш дастурлари тасдиқланади, узоқ муддатли ва оффтейк шартномаларда уларнинг зиммасидаги масъулият кўрсатилади. Давлат бюджетидан амалга ошириладиган қурилишларда фойдаланилган маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларидан сифатини текширувчи комиссия тузилади. Ишлаб чиқариш объектлари қурилишида маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар материаллари ва жиҳозлари харид қилинади.
Мамлакатда тиббиёт жиҳозлари харид қилишда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга устунлик берилади. Бугунги кунда 35 та корхона билан 4 мингдан зиёд фармацевтика маҳсулоти сотиб олиш ҳақида 94 та узоқ муддатли шартнома имзоланган. Йил охиригача 24 та маҳаллий компания билан шундай келишув имзоланади. Кўрилган чоралар натижасида, биринчи ярим йилликда ишлаб чиқариш 14 ярим фоизга ошди. Яқин келажакда Қозоғистон БССТ тавсия этган асосий дори-дармонлардан 62 фоизини ўзида ишлаб чиқара бошлайди.
Ақмарал Алназарова, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири:
– Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этган кенг тарқалган касалликлар рўйхати асосида вазирлик асосий дори-дармонлар рўйхатини шакллантиради. Унда 283 та препарат кўрсатилган. Ушбу рўйхатдагилардан 107 таси, яъни 37,5 фоизи Қозоғистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқарилади. Келгусида қолган 178 турини ҳам ишлаб чиқаришга эътибор қаратилади.
Қозоғистон импортга муҳтожлигини камайтириш учун 2027 йилгача 9 та компанияни маҳаллийлаштиради. Натижада, мамлакатга 20 миллион доллардан зиёд инвестиция жалб этилиши имконияти туғилади. Бундан ташқари, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажмини ошириш учун умумий қиймати 1,3 триллион тенге қийматга эга 180 та инвестициявий лойиҳа ишга туширилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.