Ўтган йил охирида немис компанияси билан йирик шартнома имзоланган. Бу ҳужжатга мувофиқ, Европа Иттифоқи тиббиёт марказлари учун кобальт-57 партияси жўнатилади. У радиофармацевтик препаратлар қаторига киради. Ушбу модда томографик ускуналарни созлаш ва тиббиётда турли касалликларга ташхис қўйишда ишлатилади. Уч йил муқаддам мамлакатимиздаги Ядро физикаси институти мутахассислари уни ажратиб олиш технологиясини йўлга қўйган. Бу жараён анчагина мураккаб. Бунинг учун электрофизик ускуна – циклотрондан фойдаланилади. Қозоғистонда бундай агрегат 2016 йилдан буён ишлаб турибди.
Александр Сильнягин, Сyclone-30 дастури раҳбари:
– Бизда иккита асосий йўналиш мавжуд. Шулардан бири – радиофармпрепаратлар ишлаб чиқариш. Онкологик касалликларга эрта ташхис қўйиш учун фтордиоксиглюкоза препаратидан фойдаланилади. Шунингдек, биз циклотронда бойитилган никелни нурлантирамиз ва кобаль-57 оламиз. Ундан тиббиёт ускуналарини калибровкалашда фойдаланилади.
Қозоғистон Фан жамғармаси бу лойиҳани фаол қўллаб-қувватламоқда. Препарат истеъмолчиларга суюқлик шаклида етказиб берилади, унинг ярим парчаланиш даври 271 кунни ташкил қилади. Яъни салкам бир йилда маҳсулот фаоллиги икки марта камаяди. Унинг баҳоси кобальт-57 ажратаётган радиацияга кўра белгиланади. Аппарат йилига 12 кюри изотоп чиқариш қувватига эга. Лойиҳа муаллифлари таъкидлашича, бир неча юз миллион тенге даромад олиш имкони бор.
Игорь Горлачёв, радиофармпрепаратлар ишлаб чиқариш лойиҳаси раҳбари:
- Биз бир неча ойга етадиган буюртма олдик. Тез орада маҳсулотни тайёрлаб, истеъмолчига жўнатамиз. Таъкидлаш лозимки, бир милли-кюри маҳсулот 25 доллар туради. Яъни Фан жамғармаси ёрдамида амалга оширилган лойиҳа доирасида сўнгги уч йил давомида етказиб берилган 14 кюри кобальт-57 учун 139 миллион тенге даромад олиш имкониятига эга бўлдик.
Абдумалик Сарманов таржимаси