Жорий йилда маҳаллий йўлларга 370 миллиард тенге сарфланди

Жорий йилда маҳаллий йўлларга 370 миллиард тенге сарфланди

2025 йилга бориб, Қозоғистонда маҳаллий аҳамиятга эга йўлларнинг 95 фоизи тегишли меъёрларга жавоб берадиган бўлади. Натижада, минтақалар ичида марказ билан транспорт алоқаси мустаҳкамланади. Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги берган маълумотга кўра, 2022 йил охиригача 85 фоиз йўл тўла таъмирдан чиқарилади. Жорий йилда бунинг учун 370 миллиард тенге маблағ ажратилади.

Тўлеген Абдуллин, Қозоғистон Республикаси саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги автомобиль йўллари қўмитаси раиси:

- Жорий йилда умумий фойдаланишга мўлжалланган 11 минг километр автойўлларда қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Республика тармоқларида 4 минг километр йўлнинг минг километрини йил охиригача тугатиш ниятидамиз. Капитал ва ўртача таъмир олиб борилаётган 3 минг километр йўлдан 900 километри тайёр ҳолга келади. Маҳаллий автойўл тармоқларининг 4,6 минг километрида иш юритилмоқда. Шундан 2,6 минг километри шу йил тугатилади. 2023 йил режасига кўра, республика аҳамиятига эга 3,5 минг километр йўл таъмирланади.

Шу билан бирга, йўллардан фойдаланиш даврини узайтириш учун Superpave технологияси ишлатила бошланди. Бу тизим ҳар бир минтақадаги ҳаракат қизғинлиги ва иқлимнинг ўзига хослигига кўра ҳарорат ўзгаришларини ҳисобга олади. Вилоятларда трассалар қурилишида асфальт-бетон аралашмаси, битум, шағал шунга кўра ишлатилади. Бу янгилик Давлат раҳбарининг автойўллар соҳасини ислоҳ қилиш бўйича берган топшириғига кўра рўёбга чиқарилмоқда.

Абдумалик Сарманов таржимаси