Қозоғистонда йиғиб
олинган ҳосил ички бозорни тўла таъминлаш учун етарли. Бош вазир Алихан Смаилов
Ҳукумат йиғилишида таъкидлашича, мамлакатнинг барча минтақаларида ҳосил
йиғим-терими якунига етмоқда. Ҳокимликлар берган маълумотга кўра, салкам 17 миллион
гектарда ҳосил йиғиб олинган, 16 миллион тонна дон янчилган, шундан 11 ярим
миллион тоннасини буғдой ҳосили ташкил қилади. Лекин, Бош вазир кўрсатиб ўтгани каби, 2023 йил
зироатчилар учун осон келмади. Ёзги
қурғоқчилик ва кузги ёғинлар дон экинлари ҳосилининг миқдори ва сифатига салбий
таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, Ҳукуматда маълум қилишларича, мамлакат ун ва
нон билан тўлиқ таъминланади. Шунингдек, ўтган йилдан салмоқли захира қолган. “Продкорпорация”
ва минтақавий барқарорлаштириш жамғармаларида ҳам сақланиб турган дон бор. Қозоғистондаги
қишлоқ хўжалиги корхоналарига алоҳида эътибор берилади. Алихан Смаиловнинг
маълум қилишича, уларга давлат ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.
Алихан Смаилов,
Қозоғистон Республикаси Бош Вазири:
- Шу жумладан, адолатли
харид нархлари белгиланди. Жарима солмаган ҳолда кредит ва қарзларни тўлаш
муддати узайтирилди. Имтиёзли нархда, шу жумладан, донни қуритиш учун дизел
ёнилғиси ажратилди. Субсидиялар бўйича барча тўловларни амалга ошириш чоралари
кўриляпти. Зироатчилик бўйича субсидияларга 30 миллиард тенге ажратилди. Бундан
ташқари, бевосита дон харид қилинади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.