Бия ва сигир сутидан совун. Қозоғистоннинг Жетису вилоятида номадларнинг табиий маҳсулотлардан кир ювиш воситалари олиш усуллари қайта тикланмоқда.
- Аждодларимиз шундай совундан фойдаланган. Микробларни ўлдиради. Шифобахш.
Нуржанет Ердаулетқизи қадимий рецепт асосида совун ясашни бувисидан ўрганган. У 2019 йилда, оиласи билан Хитойдан Қозоғистонга кўчиб келганида янгича талқинда маҳсулот чиқаришни йўлга қўйишга қарор қилди. Уйида цех очди.
Нуржанет Ердаулетқизи, қапал қишлоғидан:
- Бу совун хоссаларига кўра жуда ўзига хос. Уни бия сути – саумалдан олдим. Эмизикли болалар учун жуда яхши, чақалоқларни чўмилтирсангиз, аллергия бермайди. Асал қўшилган совун эса ёрилган, ажин тушган терига яхши таъсир кўрсатади. Ўзига хос халқона ёғупа, дейиш мумкин.
Шунингдек, қатиқ, шифобахш гиёҳлар, шарбатлар асосида тайёрланган совунлар ҳам бор.
Сарагул Нусипбай, қапал қишлоғидан:
- Аждодларимизнинг совун ясаш бўйича усуллари тикланаётгани айни муддао. Илдизларимизга қайтяпмиз. Соғлиқ учун яхши. Шўрали совун ёрдамида қадимги табиблар ёмон яраларни даволаган. Ундан оғриқ қолдирувчи сифатида фойдаланган.
Совун тайёрлашдан ташқари, Нуржанет Ердаулетқизи халқ амалий санъати билан ҳам шуғулланади. Кўрпа, кўрпачалар тикади. Совун чиқариш ва текстилга оид барча қадимий қозоқ анъаналарини ўзида бирлаштирган йирик корхона очишни орзу қилади.
Абдумалик Сарманов таржимаси