Жетису вилоятида автотранспорт ёрдамида юк ташиш йилнинг биринчи ярмида қарийб икки марта ортди. Бош вазир минтақага амалий сафари давомида транспорт-логистика соҳасининг аҳволи билан таришди. Ўлжас Бектенов Nur Zhol халқаро марказига ташриф буюрди. Ундаги автоматлаштирилган транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимида Cross-Docking технологиясидан фойдаланилади. Бу эса транзит суръатини оширади. Бугунги кунда марказ суткасига 200 та автотранспорт воситасини ўтказади, юк айланмаси 250 тоннани ташкил қилади. Дўстиқ қишлоғидаги кўп вазифали ўтказиш терминали ҳам транзит-транспорт салоҳияти кенгайишига хизмат қилади. Бу ерда сўнгги бир неча йил ичида хизмат кўрсатилган юклар ҳажми уч марта ортди.
Такан Гиззатов, Dostyk Transterminal раҳбари:
– Буларнинг ҳаммаси бевосита инвестициялар ҳисобига қурилган. Бугунги кунда хусусий инвестициялар ҳажми 26,2 миллиард тенгега етди. Келгуси йилда қўшимча қурилиш олиб бориш учун майдончани кенгайтириш ва яна 3,2 миллиард тенге қийматга эга иккита ричстакер харид қилиш мўлжалланган. Ҳозир биз кунига 8 тадан поездни қайта юклаймиз, 440 тача 40-футли контейнерни ўтказамиз. Майдончани кенгайтиргач, кунига 15 поездга хизмат кўрсата оламиз.
Бош вазир «Алакўл» божхона постига ҳам борди. Модернизациялаш доирасида ўтказиш пунктида жисмоний шахслар, юклар, товар ва транспорт воситаларини назорат қилиш технологияси жорий этилади. Ўтказиш қуввати суткасига 250 та юк автомобилидан мингтагача оширилиши режалаштирилган. Объект сентябрь ойи охирида ишга тушади. Бош вазир Давлат раҳбари топшириғига кўра бунёд этилаётган, минтақа учун ўта муҳим бўлган «Талдиқўрған – Ушарал» магистраль газопроводини ҳам бориб кўрди. Умумий узундиги 300 километр. Ўтказиш қуввати – йилига 385 миллион куб метр. Минтақанинг 66 та аҳоли пунктини табиий газ билан таъминлайди. Бош вазир таъкидлашича, янги газопровод Жетисунинг энергия хавфсизлигини ва барқарор ривожланишини таъминлайди.
Санжар Жаркешов, «Qazaqgaz» миллий компанияси бошқаруви раиси:
– Магистрал газопроводнинг асосий вазифаси – аҳолини газ билан таъминлаш, янги саноат ва инвестициявий лойиҳаларни қўллаб қувватлаш. Зеро, вилоят жадал ривожланяпти. Бугунги кунда газлаштириш даражаси 47 фоизни ташкил қилади. «Талдиқўрған – Ушарал» магистрал газопроводи ишга тушгач бу кўрсаткич 90 фоизга етади.
Абдумалик Сарманов таржимаси.