Женевадаги БМТ штаб-квартирасида туркий олам кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондаги таниқли рассомларнинг фотосуратлари ва картиналари, шунингдек, ҳунармандчилик буюмлари, маданий артефактлар тақдим этилди. Халқларнинг бой ва ранг-баранг маданий мероси ҳамда туркий тамаддуннинг тарихий ҳиссасидан далолат берувчи мазкур экспозиция Туркий дунё ҳафталиги доирасида ташкил этилган. Тадбирда дипломатик корпус ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Таъкидлаймиз, Туркий дунё ҳафталиги маданий дастуридан анжуманлар, фотокўргазма, шунингдек, туркий давлатлар бадиий жамоалари иштирокидаги концерт ўрин олган.
Кубаничбек Омуралиев, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби:
- Ўтган йили Женевада БМТ қошида ташкилотимизга аъзо давлатлар вакиллари билан муҳокамадан сўнг Туркий дунё ҳафталиги дастурини татбиқ этиш қарори қабул қилинганди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Астанада ўтказилган саммит чоғида туркий давлатлар раҳбарлари ушбу тадбирни ўтказиш топшириғини берган. Туркий дунё ҳафталиги дастури аъзо давлатлар ўртасидаги жипслик ва ўзаро англашувга хизмат қиладиган туркий маданиятни илгари суришга қаратилган. Келгусида бундай тадбирларни бутун дунё бўйлаб кўпроқ ўтказиш мўлжаллаганмиз.
Абдумалик Сарманов таржимаси.