«Ота йўли» картасига талаб ортмоқда

«Ота йўли» картасига талаб ортмоқда

Қозоғистон Ҳукумати «Ота йўли» картасидан фойдаланишни истаётганларга ёрдам беришга тайёр. Хориждаги этник қозоқларга 10 йиллик муддатга бериладиган бу ҳужжатдан ҳозирча 55 одам фойдалана бошлади, уларнинг 13 нафари Қозоғистонга қайтди. Карта соҳиби Қозоғистонда ишга кириши ёки ўз бизнеси билан шуғулланиши, ижтимоий тўловларни амалга оширган ҳолда кафолатланган тиббий ёрдамдан фойдаланиши, билим олиши мумкин. Аммо улар давлат хизматига кириш, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органларига сайланиш, республика референдумида қатнашиш, сайловда овоз бериш имконига эга эмас. 

Ерболат Абулхатин, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қўмита раиси ўринбосари:

– «Ота йўли» икки йўналишда олинади. Биринчиси – хорижда туғилган, ўша ерда яшаётган, ўз билимини Қозоғистонда ишлатишни истаган шифокорлар, ўқитувчилар, муҳандислар, тор ихтисослик эгалари каби профессионаллар учун мўлжалланган. Шунингдек, «Ота йўли» картасини талабга эга бизнес юритишни истаганлар ҳам олиши мумкин. Яъни хорижда муваффақиятли бизнес-кейсларни рўёбга чиқаришга муваффақ бўлган ҳамда шу йўналишда Қозоғистонда иш юритишни мўлжаллаганлар. 

Таъкидлаш лозимки, «Ота йўли» картаси Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг хориждаги мутахассислар ва илғор тадбиркорларни Қозоғистонга жалб этиш бўйича топшириғига кўра жорий этилди. Лойиҳа ўтган йили ишга тушди. Карта олиш учун «Қутлуғ макон», «E-Qonaq» мобиль иловалари орқали ариза бериш ёки Қозоғистоннинг хориждаги элчихоналарига мурожаат этиш керак. Бу борада ҳозирча 18 давлатдан 250 фуқаро маслаҳат олган.

Абдумалик Сарманов таржимаси.