Қозоғистон
Президенти Жамбил вилояти жамоатчилиги билан учрашди. Қосим-Жўмарт Тўқаев минтақанинг
муҳимлигини таъкидлади. У фақат тарихий жиҳатдан аҳамияли эмас. Бугунги кунда
вилоят иқтисоди фаол ривожланяпти. Жорий йилда 600 миллиард тенге инвестиция
жалб қилинди, 63 мингта иш ўрни яратилди. Давлат раҳбари таъкидлашича, кучли
минтақалар – кучли давлат пойдевори. Бу нарса ҳозирнинг ўзида сезиляпти. Мамлакатимиз
шу кунларда дунё саҳнасида фаол, иқтисодимиз эса Марказий Осиё ва Кавказ ортидаги
энг йирик иқтисодга эга. Жорий йилдаги халқаро учрашувлар давомида 70 миллиард доллардан
зиёд қийматга эга шартнома тузилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- «Марказий Осиё плюс»
форматининг нуфузи ортяпти. Жорий йилда минтақа давлатлари Европа Иттифоқи,
Италия, Хитой, Россия, АҚШ, Япония билан қўшма музокаралар ўтказди. Минтақага
жалб этилган инвестицияларнинг 60 фоизи Қозоғистонга тўғри келади. Сармоялар
билан бирга энг янги технологиялар ва малакалар келади, қўшма илмий-техник
марказлар яратиляпти, хорижий таълим даргоҳлари филиаллари очиляпти. Қозоғистон
товарлари ва бизнеси учун ёпиқ чегаралар йўқ.
Умуман олганда, Қозоғистон
глобал беқарорлик ва мураккаб геосиёсий вазиятда бетарафлик мавқеида турибди,
вазмин ташқи сиёсат олиб боряпти. Бу эса мамлакатни ривожлантириш учун қулай
шароитлар яратиш имконини беради. Қозоғистон туб ўзгаришлар йўлидан боряпти.
Конституциявий ислоҳот ўтказилди, иқтисодда кенг кўламли ўзгаришлар амалга
оширилди. Буларнинг ҳаммаси аниқ натижалар беряпти.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- Сўнгги 5 йил
ичида миллий иқтисод 15,8 фоизга ўсди, жорий йилда эса 6 фоизга чиқди. Бу 2012 йилдан
буён энг юқори кўрсаткич. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 47 фоизга ошди. Олтин-валюта
захиралари ва Миллий жамғарма активлари рекорд даражада ўсди ва 125 миллиард долларга
етди.
Ишлаб чиқариш секторида
ҳам ўсиш суръатлари юқори. Мамлакатда йирик корхоналар очиляпти. Жорий йилнинг
ўзида 33 та завод ишлай бошлади. Сўнгги ўн йил ичида қишлоқ хўжалиги ялпи
маҳсулоти 2,5 марта ортди. Давлат молиялаш воситалари билан фермерларга ёрдам
кўрсатяпти. Қурилишда катта муваффақиятларга эришилди. 19 миллион квадрат метр уй-жой
фойдаланишга топширилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаев,
Қозоғистон Республикаси Президенти:
- 1 январдан янги
Солиқ кодекси ишга тушади. Солиқ тизими назорат ва жазо тизимидан бизнес билан
самарали ҳамкорлик қилиш моделига ўтади. Бу – Ҳукумат қаршисидаги вазифа. Минтақаларда
тадбиркорлик иқлимин яхшилаш учун «Тадбиркор минтақа» дастури ишга тушди, у
биринчи навбатда қишлоқлар ва кичик шаҳарлардаги тадбиркорликни
қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Давлат раҳбари Тароздаги
янги ҳарбий мактаб-интернатга Бауржан Мўмишули номини беришни таклиф қилди. Бу
– мамлакат жанубида очилган биринчи шундай маскан. Қаҳрамон ва афсонавий
лашкарбошига эса Қозоғистон Президенти «Халқ қаҳрамони» унвонини берди. Қосим-Жўмарт
Тўқаев Жамбил вилоятида яшовчи 14 нафар фуқарога мамлакатнинг иқтисоди ва
саноати ривожланишига қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари топширди.
Абдумалик Сарманов таржимаси

