Қозоғистон инвестициявий ва иқтисодий салоҳиятини намойиш қилди

Қозоғистон инвестициявий ва иқтисодий салоҳиятини намойиш қилди

Вашингтонда Қозоғистоннинг янги инвестициявий сиёсати Америка инвесторлари ва тадбиркорларига намойиш этилди. АҚШ савдо палатасида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси сессиялари олдидан давра суҳбати ўтказилди. Етакчи компаниялар, жумладан, Chevron, ExxonMobil, Mastercard, General Electric, Pfizer вакиллари билан учрашувда Бош вазир ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жуманғарин ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари — нефть кимёси, металлургия, агротехнологиядан тортиб, сунъий идрок ва рақамли технологияларгача бўлган соҳалар бўйича тақдимот ўтказди. Қозоғистон барқарорлик кафолати ва Марказий Осиё иқтисодий ўсишининг маркази бўлган ҳамкорликнинг янги даражасига ўтилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Серик Жуманғарин, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Миллий иқтисодиёт вазири:

- Албатта, масалалар фақат Қозоғистонда инвестициялар билангина боғлиқ эмасди. Қозоғистон Марказий Осиёдаги ролини қандай кўриши барчани қизиқтирди. Улар мамлакатимизни сармоясининг хавфсизлигигагина эмас, умуман, минтақадаги хавфсизликка жавоб бера олувчи ишончли ҳамкор ўлароқ кўришни истайди. Ва шу жиҳатдан, албатта, суҳбат жуда мазмунли бўлди.

Дарвоқе, америкалик инвесторларнинг Қозоғистонга қизиқиши бой табиий захиралар мавжудлиги сабаблигина эмас, балки давлатимизнинг шаффоф сиёсати, инфратузилмаларни ривожлантириш ва молиявий ислоҳотлар туфайли ҳамдир. Учрашув иштирокчилари эришилган келишувларнинг амалий рўёбининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Айтиш керак, Қозоғистон ва АҚШ ўртасидаги иккитарафлама маҳсулот айланмаси ҳажми ортиб боряпти, ўтган йили 4 фоизга ўсиб, 4 миллиард доллардан ошган.

Михаил Нибладзе, Cerberus Frontier ижрочи директори:

- Қозоғистон АҚШга юксак даражали делегация йўллагани жуда муҳим, бу Америка компаниялари билан шерикликка тайёрликни кўрсатади. Бу аҳамиятли ташаббус: хусусий сектор ва давлат даражасидаги алоқани мустаҳкамлаш учун улкан салоҳият мавжуд. Асосий чақириқ — келишувларни амалга ошириш. Мазкур босқич барча деталларга эътибор қаратишни талаб қилади. Умид қиламанки, навбатдаги қадам АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги лойиҳаларни рўёбга чиқариш бўлади.

Абдумалик Сарманов таржимаси